Қарши туманидаги портлаш оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда
Қарши туманида жойлашган маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида содир бўлган портлаш оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Қашқадарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, 8 июнь куни соат 13:50 да Қарши тумани “Чаман” маҳалласидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш юз бергани ҳақида хабар келиб тушган.
Ҳодиса жойига 5 та қутқарув бўлинмаси жалб қилиниб, улар соат 14:02 да етиб борган. Ёнғин соат 14:05 да ўраб олинган ва соат 14:55 да тўлиқ ўчирилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 4 та автомобиль, жумладан, 2 та «Cobalt» ҳамда газ ташишга мўлжалланган 2 та транспорт воситаси, шунингдек, 2 та ер ости ёқилғи сақлаш резервуари зарарланган.
Портлаш натижасида 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган, яна 5 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссияси ташкил этилди.
Комиссия зиммасига жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, портлаш сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифалари юклатилган.
Айни пайтда ҳодиса содир бўлган ҳудуд тўлиқ назоратга олинган бўлиб, оқибатларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА