Сенатор сўрови: “Фориш - Нурота” йўлида аҳолини қайнаётган муаммо қачон бартараф этилади?
Маълумки, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда ички туризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан байрам ва дам олиш кунлари сони оширилди.
Бироқ, амалиёт кўрсатишича, кўплаб юртдошларимиз 4 - 5 кунлик дам олиш муддатининг икки кунини йўлга, яъни Тошкентдан ўзлари туғилиб ўсган ҳудудларга етиб бориш ва яна пойтахтга қайтишга сарфламоқда.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Ҳусан Эрматов аҳолини қийнаётган мазкур масалага эътибор қаратди.
“Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларини қўя турайлик, ҳатто Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг пойтахтга яқин туманларига бориш кўплаб фуқаролардан 6 - 7, баъзан эса 8 соатгача вақт талаб қилмоқда. Бундай ҳолатлар нафақат байрам кунлари, балки оддий кунларда ҳам кузатилмоқда. Жумладан, йўлдаги таъмирлаш ишлари сабабли айрим йўналишларда ҳаракатнинг бир томонлама ташкил этилиши кўплаб фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда”, дейди сенатор.
Шу боис, сенатор “Фориш - Нурота” йўлини реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида транспорт вазирига сўров юборди.
Сўровда айтилишича, 2025 йил бошида “Фориш - Нурота” йўлида катта таъмирлаш ишлари олиб борилиши маълум қилинган, бироқ бу борада қилинган ишлар ҳақида ҳали ҳам маълумот берилмаган.
Зотан, бу йўл фақатгина нуроталиклар ёки навоийликлар учун эмас, балки Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятларидан пойтахтга қатнайдиган минглаб автомобиль эгалари учун қулай бўлиши керак.
Шунда “Самарқанд - Тошкент” йўлидаги қатновлар тартибга солиниб, Ғаллаорол туманидаги доимий тирбандликни бартараф этишга эришилади.
Шу муносабат билан транспорт вазиридан “Фориш - Нурота” йўлини реконструкция қилиш қайси муддатга режалаштирилаётгани ва қанча транспорт оқимига мўлжалланаётгани, “Тошкент - Самарқанд” йўлидаги ортиқча юкламаларни енгиллаштириш юзасидан (янги пулли йўлдан ташқари) қандай аниқ чоралар кўрилаётгани, байрам кунлари аҳоли дуч келаётган кўплаб муаммолар ечими юзасидан асосланган маълумот бериш сўралди.
Н.Абдураимова, ЎзА