Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтаётган видеоселектор йиғилишида таъкидланди.
Ҳокимнинг биринчи ўринбосари ойлик тўламаётган ташкилотларнинг молиявий аҳволини таҳлил қилиб, хомашё, айланма маблағ, инфратузилма, бозор топиш билан боғлиқ масалаларини ҳокимнинг инвестиция бўйича ўринбосари ва банклар билан ҳал қилиб беради.
Ойликни асоссиз бермаётган корхоналардан эса ўрнатилган тартибда мажбурий ундирилади.
Қарши шаҳрида бугунги кунда 35 минг хонадонли 930 та кўп қаватли уй бор. Уларга 40 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг фаолиятидан норозилик билдирилган 111 та шикоят келиб тушган.
Ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари энг кўп мурожаат тушган Чўлқувар, Нуристон, Ойдин маҳалласига бориб, аҳоли ва бошқарув компаниялари билан учрашиши белгиланди. Бунда бошқарув компаниялари пулдан қийналаётган бўлса, уларга айланма маблағ топиб беради.
Электр, йўл, сув ёки канализация билан боғлиқ муаммолар бўлса, ушбу масалани Ислоҳотлар штабига бериб, инвестиция дастурига қўшимча киритади, Мажбурий ижро бюроси билан бошқарув компанияларининг дебитор қарздорлигини ундиришга кўмаклашади.
ЎзА