Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини янада яхшилаш чоралари кўрилади
Мамлакатимизда халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг самарали миллий тизими шакллантирилиб, ушбу йўналишда парламент назорати сезиларли даражада кучайтирилди.
Ҳар йили тайёрланадиган Миллий маъруза доирасида давлат органлари фаолияти таҳлил қилиниб, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги баҳоланмоқда ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Бу Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг мажлисида Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза муҳокамаси жараёнида қайд этилди.

Рақобатбардош бозор иқтисодиётини барпо этишда муҳим ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида “Иқтисодий эркинлик” индексида 2025 йилда мамлакатимиз 2024 йилга нисбатан 6 поғона юқорилаб, 100-ўринни эгаллади.
“Иқтисодий эркинлик” индексининг йўналишидаги мулкчилик ҳуқуқи субиндикатори 2024 йилда 32,9 баллни ташкил этган бўлса, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 33,5 баллга етган.
Мазкур кўрсаткичлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари, хусусан, саноатни ривожлантириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш йўналишлари билан узвий боғлиқ экани таъкидланди. Жумладан, Ўзбекистон Рақобатбардош саноат унумдорлиги индексида 153 давлат орасида 83-ўринни эгаллаб, ўз позициясини 5 поғонага яхшилаган.

Мажлисда интеллектуал мулк соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, муаллифлик ҳуқуқини муҳофаза қилиш муддати 50 йилдан 70 йилга узайтирилди. 2025 йил давомида 1 минг 257 таъсир чораси қўлланилиб, 2 минг 608 интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқлар ҳимоя қилинган.
Муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан устувор рейтинг ва индекслар бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаш, масъул давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, соҳавий “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва улар ижроси устидан тизимли мониторинг ўрнатиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА