Қарор ижроси – ахборот сиёсатидаги устувор вазифа
Мамлакатимизда умумхалқ байрамлари ва муҳим саналарнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, аҳолининг бу борадаги хабардорлигини ошириш ҳамда давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги “Ўзбекистонда байрамларнинг ғоявий-маънавий мазмунини янада кучайтириш ва оммалаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳужжатда давлат органларининг ахборот сиёсати самарадорлигини ошириш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда аҳолини долзарб масалалар бўйича холис ва тезкор ахборот билан таъминлашга қаратилган вазифалар белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш доирасида “Ўзатом” агентлигида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қарорда белгиланган вазифалар агентлик ахборот сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланиб, медиа фаолият ва жамоатчилик билан мулоқотнинг барча йўналишларида изчил татбиқ этилмоқда.
Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати раҳбари Гулрухсор Равшанова қуйидагиларни маълум қилди:
– “Ўзатом” агентлигида мазкур қарор ижросини таъминлаш ахборот сиёсатидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Биз фақат соҳадаги янгиликларни ёритиш билан чекланиб қолмай, умумхалқ байрамлари, муҳим саналар ва мамлакатимиз ҳаётидаги долзарб воқеаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Шу мақсадда қарорнинг 21 ва 42-бандларида белгиланган вазифалар асосида матбуот анжуманлари, интервьюлар, брифинглар, репортажлар, видеороликлар, инфографикалар, ижтимоий тармоқлар учун махсус контентлар ҳамда бошқа медиа лойиҳалар мунтазам тайёрланмоқда. Наврўз, Хотира ва қадрлаш куни, Мустақиллик байрами, Конституция куни каби умумхалқ байрамлари ҳамда муҳим саналар муносабати билан тайёрланган материаллар орқали миллий қадриятлар, мамлакатимиз тараққиёти ва атом энергетикасининг тинч мақсадлардаги аҳамияти кенг ёритилмоқда.
Шу билан бирга, қарорнинг 22-бандида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда жамоатчилик билан очиқ мулоқотни кучайтириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг илм-фан ва инновацияларга қизиқишини оширишга қаратилган интерактив тадбирлар ҳам мунтазам ташкил этилмоқда. Агентлик ҳузуридаги Атом технологиялари ахборот марказида очиқ эшиклар кунлари, интерактив тақдимотлар, маърифий учрашувлар, танловлар, викториналар ва бошқа лойиҳалар шулар жумласидандир.
Айниқса, 2026 йил 19-20 май кунлари ўтказилган Фан ва атом фестивали мазкур йўналишдаги энг йирик маърифий лойиҳалардан бирига айланди. Унда 700 нафардан ортиқ ўқувчи, талаба ва педагог иштирок этди. Фестиваль доирасида маърузалар, маҳорат дарслари, интерактив лабораториялар, илмий тажрибалар, робототехника машғулотлари, интеллектуал викториналар ҳамда замонавий технологиялар намойишлари ташкил этилди. Бу каби тадбирлар ёшларда атом технологиялари, илм-фан ва инновацияларга қизиқишни кучайтириш, уларнинг билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ахборот сиёсати самарадорлигини таъминлаш мақсадида агентликнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлари орқали ҳам кенг қамровли медиа ишлар амалга оширилмоқда. 2026 йил давомида юзлаб ахборот материаллари, интервьюлар, репортажлар, видеороликлар, инфографикалар ва бошқа мультимедиа маҳсулотлари кенг жамоатчиликка етказилди. Шу билан бирга, атом энергетикаси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик, кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳақида тезкор ва ишончли маълумотлар мунтазам эълон қилиб борилмоқда. Бу эса очиқлик ва шаффофлик тамойилларини янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, муҳим саналар муносабати билан махсус ахборот кампаниялари изчил ташкил этилмоқда. Матбуот анжуманлари, брифинглар, интервьюлар, пресс-турлар, видеолавҳалар, инфографикалар ва ижтимоий роликлар орқали кенг жамоатчиликка долзарб ва ишончли маълумотлар етказилмоқда.
Бугунги кунда атом энергетикаси мамлакатимиз тараққиёти учун стратегик аҳамиятга эга соҳалардан биридир. Шу боис жамоатчиликка аниқ, тезкор ва холис ахборот етказиш, аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш ҳамда соҳага нисбатан ишончни мустаҳкамлаш устувор вазифаларимиздан саналади. Келгусида ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 824-сон қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда замонавий медиа форматлар, мультимедиа маҳсулотлари, интервьюлар, репортажлар, видеолойиҳалар ва интерактив маърифий тадбирлар кўламини янада кенгайтиришни режалаштирганмиз.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.