Бандлик ва оилаларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишлар ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил биринчи ярим йиллик иш режасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида бўлишди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 декабрдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Сарабий” овул фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритаётган Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази фаолияти ўрганилди. Марказда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар тингланди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ “Daf Export Group” масъулияти чекланган жамиятида хотин-қизларнинг меҳнат фаолияти, улар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишишди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 майдаги “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда оилавий маслаҳат хизматларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ҳуқуқий ва психологик хизматлар кўрсатиш, ота-оналикка тайёрлаш таълим дастурлари орқали масъулиятли ота-оналик кўникмаларини шакллантириш ва оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу қарор ижроси доирасида “Элликқалъа” овул фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган Оила ва хотин-қизлар маскани фаолияти кўздан кечирилди. Бу ерда оилаларни қўллаб-қувватлаш ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ “Bo‘ston Silk” масъулияти чекланган жамиятида бўлишди. Корхонада пиллачиликни ривожлантириш, пилла етиштириш ва тармоқ самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, ишчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.

Ташриф давомида туманда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Ишчи гуруҳ шунингдек Нукус шаҳри ва Тахиатош туманида ҳам бўлиб, хотин-қизлар бандлиги ва оилаларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишларни ўрганишмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири