Қандай ҳолларда ер участкаларини жамоат эҳтиёжи деб олиб қўйса бўлади?
Маълумки, қонунчилигимизда ер участкаларини ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш тақиқланади.
Сабаби, ер участкаларини ҳам олиб қўйиш жамоат эҳтиёжлари деб эътироф этилиши асослари бор.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Айгерим Арипбаева бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
– “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра, ер участкаларини қуйидаги мақсадларда олиб қўйиш жамоат эҳтиёжлари деб эътироф этилади:
Жумладан, Мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни, эркин савдо зоналарини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун ерлар берилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш учун, фойдали қазилмалар конларини қидириш ва қазиб олиш учун (бундан кенг тарқалган фойдали қазилмалар конлари мустасно) олиниши керак бўлади.
Шунингдек, республика аҳамиятига ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль ва темир йўлларни, аэропортларни, аэродромларни, аэронавигация объектларини ҳамда авиатехника марказларини, темир йўл транспорти объектларини, кўприклар, метрополитенлар, туннелларни, энергетика ва алоқа тизимининг муҳандислик объектлари ҳамда тармоқларини, космик фаолият объектларини, магистраль қувурларни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ирригация ва мелиорация тизимларини қуриш ёки реконструкция қилиш учун олиниши мумкин.
Тасдиқланган аҳоли пунктлари бош режаларининг объектларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуришга оид қисмини бажариш учун ҳам, давлат инвестиция дастурларида кўрсатилган давлат таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг бинолари ҳамда иншоотларини марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан қуриш назарда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳам олинади.
Асос: “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида” ги қонун.
Гулноза Бобоева, ЎзА