Қалбаки, сифатсиз препаратлар сотилиши ва тарқалишининг олди олинмоқда
Андижон вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси инспекторлари томонидан қалбаки ва сифатсиз кимёвий препаратларнинг савдога чиқарилиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида тадбиркорлар ўртасида кенг кўламли тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 майдаги “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ягона давлат бошқаруви ва назорат тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Улуғнор ва Хўжаобод туманларида ўтказилган ўрганиш-назорат тадбирларида бозорлар, савдо дўконларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда фойдаланиладиган препаратларнинг сифати ва бошқа талаб этиладиган параметрлари назоратдан ўтказилди.
– Юқоридаги фармонда қишлоқ хўжалигига етказиб бериладиган минерал ва микробиологик ўғитлар сифати, уларнинг таркибидаги пестицид, натрит ва бошқа моддалар миқдори бўйича аниқ талаб ва параметрлар белгиланган, – дейди Андижон вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари Улуғбек Аҳмедов. – Назорат жараёнида ана шу маҳсулотларининг белгиланган талабларга мослиги ўрганилди.


Ўрганиш давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади. Шунингдек, ана шундай маҳсулотлар савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорларга препаратларнинг сифати эътибор қаратиш, қалбаки маҳсулотлар тарқалиши ва сотилишининг олдини олиш бўйича зарур тушунтиришлар берилди.
Қалбаки ва сифатсиз препаратлардан фойдаланиш ҳосилдорликнинг пасайиши, экинлар ва экин майдонларига зарар етишига, провардида фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқтисодий зарар кўришига олиб келиши мумкинлиги алоҳида таъкидланди.

Бу каби ўрганиш-назорат тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.