Мирзаободда хотира кечаси бўлиб ўтди
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги Деҳқонобод маҳалласида Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймоннинг уй-музейида «Ўлмасликка ишора — ўланга ошиқлигим» мавзусида адабий-бадиий хотира кечаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва уюшманинг Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда пойтахтдан ташриф буюрган таниқли адиб ва шоирлар, олимлар, сирдарёлик адабиётшунослар, журналист ва ижодкорлар, шоирнинг яқинлари, фарзандлари ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда Тўра Сулаймон ижодининг миллий адабиётимиздаги ўрни, шоирнинг халқ оғзаки ижоди анъаналари билан ёзма адабиётни уйғунлаштирган ўзига хос услуби, асарларида Сирдарё замини, меҳнаткаш инсонлар ҳаёти, миллий қадриятлар ва халқона тилнинг бадиий ифодаси ҳақида сўз юритилди. Шу маънода, уй-музейда ўтказилган бу учрашув оддий хотира тадбири эмас, балки шоирнинг бой адабий меросини ўрганиш, тарғиб қилиш ва келажак авлодга етказишга қаратилган маънавий-маърифий мулоқот бўлди.
Тадбир аввалида Қуръони карим тиловат қилиниб, шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Кечани Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов олиб борди. Профессор йиллар давомида Тўра Сулаймон ҳаёти ва ижодини изчил ўрганиб келаётган адабиётшунос сифатида шоир меросига бағишланган 7 та китоб ҳамда 50 дан ортиқ мақола муаллифидир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, филология фанлари доктори, профессор Минҳожиддин Мирзо Тўра Сулаймоннинг серқирра ижоди, адабиётимиз тараққиётидаги ўрни ва шоир хотирасига кўрсатилаётган эътибор ҳақида сўз юритди.
— Аввало, барчангизни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг кўп сонли аъзолари, уюшма раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Сайид номидан шу кунларда нишонланаётган энг улуғ ва энг мўътабар байрамимиз — Мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий табриклайман. Муҳтарам Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда барча соҳалар қатори адабиёт ва санъатга қаратилаётган юксак эътибордан барчангизнинг хабарингиз бор. Тўра Сулаймон номи билан аталадиган ушбу гўзал уй-музейнинг барпо этилиши ҳам Президентимиз ташаббусининг амалий ифодасидир. Қолаверса, ўтган йили Президентимиз фармони билан бир қатор улуғ ижодкорлар, адабиёт ва санъат вакиллари қатори устоз Тўра Сулаймон ҳам «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.
Уюшма раисининг биринчи ўринбосари сўзини яна давом эттирар экан, жумладан шундай деди: — Муҳтарам Президентимизнинг адабиёт аҳлига бўлган эътибори ва меҳрини Тўра Сулаймон тимсолида ҳам кўриш мумкин. Президентимиз Тўра Сулаймон ҳақида шундай деган:
— Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон Сирдарёнинг фидойи фарзанди, ҳақиқий куйчиси эди. Нафақат Сирдарёда, балки бутун мамлакатимизда бу ажойиб инсоннинг номини эшитмаган одам, уларнинг шеър ва қўшиқлари кириб бормаган хонадон йўқ десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Шунингдек, ижодий тадбирда профессор Қозоқбой Йўлдош, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари — шоира Зулфия Мўминова, атоқли шоира Муҳтарама Улуғова, шоира Муножат Нурматова, филология фанлари доктори, профессор, таниқли адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков, «Шарқ юлдузи» журнали бўлим бошлиғи, таниқли шоир Муҳаммад Исмоил, адиба, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими Дилфуза Қаршибоева, шоирлар Фозил Фарҳод, уюшма масъул ходими Аҳмад Тўра, шунингдек, Сирдарё вилоятининг кўплаб таниқли олим ва ижодкорлари иштирок этишди.
Тадбирда таъкидланганидек, инсон умри ниҳоя топади, аммо қалам билан яратилган асарлар яшашда давом этади. Тўра Сулаймоннинг шеърлари, достонлари ва насрий асарлари ҳам шоирга ана шундай бардавом умр бағишлаган. Бугунги авлод зиммасидаги муҳим вазифа эса бу меросни мутолаа қилиш, илмий ўрганиш ва кейинги авлодларга етказишдан иборат.
[gallery-31347]
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Зулфия Мўминова Тўра Сулаймон шеъриятининг халқона руҳи ва соддалигига эътибор қаратиб, «Қия-қия қирлардан қиялаб келган мен бўлдим» деган мисралар орқали шоир тилининг халқ тилига яқинлиги, оддий ва самимий ифода воситалари билан катта бадиий маъно юзага чиқара олгани хусусида фикр билдирди. Бундан ташқари, тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Алиқул Хонимқулов, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, филология фанлари доктори Адҳамбек Алимбеков, шоир Абдунаби Бойқўзиев ва бошқа ижодкорлар ҳам сўзга чиқишиб, Тўра Сулаймоннинг адабий мероси, инсон ва Ватан мавзусидаги шеърлари, халқона услуби ҳамда Сирдарё ҳаётини бадиий акс эттириш маҳорати ҳақида ўз мулоҳазаларини баён этишди.
Тўра Сулаймоннинг ижодий тақдири Сирдарё замини билан чамбарчас боғлиқ. Бахмал туманида туғилиб, кейинги ҳаёти ва ижодий фаолиятини Мирзаобод туманида давом эттирган шоир Сирдарё далалари, қишлоқ ҳаёти, меҳнаткаш инсонлар, урф-одат ва қадриятларни шеъриятининг асосий манбаларидан бирига айлантирди. Тошкент давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган ижодкор адабиёт майдонида ўз овози ва услубига эга бўлиб, халқ қалбига яқин асарлари билан танилди.
Шоирнинг «Истар кўнгил» (1962), «Мен қайга борар бўлсам» (1965), «Жаҳонгашта» (1970), «Ҳамқишлоқларим», «Интизор» (1973), «Сирдарё қўшиқлари» (1974), «Илтижо» (1976), «Алҳазар» (1976), «Тўйбоши» (1977), «Сизни эслайман» (1980), «Қоракўзгинам» (1981), «Гулшан» (1988), «Сарвиноз» (1990), «Харсанг» (1994), «Жаҳоннома», «Гул бир ён, чаман бир ён» (1996), «Ёвқочди» (1998), «Сайҳун» (2003) каби китоблари адабиётимизда муносиб ўрин эгаллайди. Кўплаб шеърлари қўшиққа айланиб, халқ орасида оммалашди.
Тўра Сулаймон шеъриятининг муҳим хусусияти — халқ тилига яқинлик, соддалик ва самимият билан бирга ҳаёт ҳақиқатларини таъсирчан тасвирлай олиш маҳоратидир. Шоир оддий инсон тақдири, меҳнат ва муҳаббат, Ватан ва табиат, инсон қадри ва миллий туйғуларни халқона образлар орқали ифодалади. Сирдарёнинг далалари, Сайҳун бўйлари, қишлоқ одамларининг ҳаёти, меҳнати, орзу-ўйлари ижодкор қаламида ўзига хос бадиий қиёфа касб этди.
Шоирнинг адабий-публицистик мероси ҳам ижодий фаолиятининг муҳим қисми сифатида баҳоланади. Бу асарларда замон нафаси, инсон тақдири, юрт ҳаёти ва халқнинг маънавий дунёси акс этади. Шу боис Тўра Сулаймон мероси бугун нафақат адабиётшунослар, балки ёш авлод учун ҳам муҳим маънавий манба бўлиб қолмоқда.
Хотира кечасида шоирнинг қизи Юлдуз Бегалиева оила аъзолари номидан тадбир иштирокчиларига миннатдорлик билдирди. Уй-музейдаги кутубхонанинг очилиши ҳам тадбирнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан кутубхонага 500 номдаги бадиий адабиётлар тақдим этилди. Бу китоблар музейни Тўра Сулаймон меросини ўрганиш ва адабий-маърифий тадбирларни ўтказишга хизмат қиладиган маънавий маскан сифатида янада бойитади.
Уй-музей илмий ходими Имомқул Нуров музейда шоирнинг қўлёзмаларини йиғиш, тартибга солиш ва қўлбола китоблар шаклида тайёрлаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
2005 йилда Сирдарёда вафот этган Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон бугун орамизда бўлмаса-да, унинг адабиётдаги умри давом этмоқда. Чунки шоирнинг ҳақиқий умри китоблари, шеърлари, қўшиқлари ва халқ хотирасида яшайди. Деҳқонобод маҳалласидаги уй-музей эса ана шу барҳаёт меросни асраш, ўрганиш ва келажак авлодга етказишга хизмат қилаётган маънавий маскан сифатида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА