Путин Трамп ва Си Цзиньпинга Украина бўйича саммит ўтказишни таклиф қилди (+видео)
Россия Президенти Владимир Путин АҚШ етакчиси Дональд Трамп ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан олий даражали учрашув ўтказишни таклифини илгари сурди. Унинг мақсади – тўрт йилдан бери давом этаётган Украина билан урушни Москва шарти асосида тугатиш бўйича келишувга эришиш. Бу ҳақда 18 октябрь куни “The Wall Street Journal” музокара жараёнидан хабардор манбаларга таяниб хабар берган.
Нашр маълумотига кўра, Кремль тадбир 18-19 ноябрь кунлари Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити доирасида уюштирилишини хоҳлаяпти.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков газетага берган изоҳида учрашув ўтказиш имконияти муҳокама қилинаётганини тасдиқлади.
– Мулоқот ва эҳтимолий кун тартиби бўйича ҳали аниқ тўхтамга келингани йўқ, – деган у. – Бинобарин, ҳар уч томон шундай музокара имкони назарий жиҳатдан мавжудлигини тан олмоқда.
АҚШ маъмурияти юқори мансабдори Оқ уй раҳбари ҳозирча янги саммит ўтказишга розилик билдирмаса-да, мазкур ғояга нисбатан муносабати ижобий бўлиши мумкинлигига урғу берган.
Путин ушбу ташаббусни 9 октябрь куни Трамп билан телефон суҳбати чоғида ошкор қилган. Суҳбат давомида Россиядан АҚШга дизель ёнилғиси етказиб бериш бўйича ҳам келишувга эришилган.
16 октябрь куни эса Трамп махсус фармон билан Москвага нисбатан жорий этилган муҳим санкцияни бекор қилди.
Дарвоқе, Оқ уй, Россия ва Хитойнинг Вашингтондаги элчихоналари оммавий ахборот воситалари вакиллари айни мавзуда изоҳ сўраб юборган мурожаатларига жавоб бермаган.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА