Пушкин операцияси: Европадаги ўғирлик судга етиб борди
Францияда олти нафар Грузия фуқароси устидан бошланган суд жараёни Европани ларзага солган ноёб китоблар ўмарилиши билан боғлиқ ишни янги босқичга олиб чиқди. Тергов маълумотига кўра, гап оддий ўғирлик ҳақида эмас, балки бир неча мамлакатни қамраб олган уюшган жиноий тармоқ ҳақида кетмоқда. Нишонга олинган асарлар орасида рус адабиётининг қимматли намуналари ҳам бор. Айрим китобларнинг бозор қиймати юз минглаб евродан ошади.
Терговчилар қўллаган версияга кўра, гумонланувчилар дастлаб кутубхоналарга тадқиқотчи сифатида кирган. Улар қимматли китобларни ўрганиб, суратга олган ва ўлчамларини аниқлаган. Кейин эса асл нусхаларни юқори сифатли қалбаки кўчирмалар билан алмаштирган. Шундай усул туфайли ўғирлик айрим ҳолларда ойлар давомида сезилмай қолган.
Энг кўп зарар Франция Миллий кутубхонасига етказилган. Тергов ҳужжатида қайд этилишича, бу маскандан ғойиб бўлган рус шоирларининг тўққиз ноёб китобидан саккизтаси Александр Пушкинга, бири Михаил Лермонтовга тегишли асарлар. Мутахассислар умумий зарарни 650 000 еврога баҳолаган.
Германия, Швейцария ва Чехияда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар аниқланган. Натижада Европа Иттифоқи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари қўшма тергов гуруҳини шакллантирди. Ҳозирга қадар тахминан ўн мамлакат кутубхоналаридан қарийб 170 ноёб рус нашри йўқолгани маълум.

Қизиғи шундаки, терговчилар бу ҳаракатни фақат молиявий манфаат билан изоҳлашга шошилмаяпти. Уларнинг назарида ўғирланган китобларни Россияга қайтаришга уриниш эҳтимоли инкор этилмаяпти. Айни тахмин Россия ва Европа ўртасидаги муносабат кескинлашган даврда пайдо бўлгани аҳамиятли. Бинобарин, ҳозирча бу фаразни тасдиқлайдиган бирор қатъий далил тақдим этилмаган.
Ўғирланган асарларнинг ҳеч бири ҳали қайтарилгани йўқ. Франция Миллий кутубхонаси йўқолган асарларни топиш умидидан ҳали воз кечмади. Суд жараёни тармоқнинг ҳақиқий кўлами ва китобларнинг кейинги тақдирига ойдинлик киритиши мумкин. Агар айб исботланса, судланувчилар ўн йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
Мусулмон Зиё, ЎзА