Прокурор ёшлар муаммоларини тинглади
Гулистон шаҳридаги “Ёшлар технопарки”да “Ёшлар куни” муносабати билан “Прокурор ва стартапчи ёшлар” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Сирдарё вилояти прокурори Савид Иматов, соҳа мутасаддилари ҳамда инновацион ғоялар ва бизнес ташаббусларини амалга ошираётган ёшлар иштирок этишди.
Тадбир давомида ёшларнинг стартап лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш жараёнида учраётган муаммолар, грант ва инвестиция маблағларини жалб қилиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ҳуқуқий ва ташкилий масалалар юзасидан фикр алмашилди. Очиқ мулоқотда қатнашган 50 нафарга яқин ташаббускор ёшдан 10 нафари ўз лойиҳалари бўйича мурожаат ва таклифларини билдирди.


Мурожаатларнинг учтаси жойида ижобий ҳал этилди. Тўрт нафар ёшга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қолган масалаларни ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотлар масъулларига аниқ вазифа ва топшириқлар юклатилди.

Шундан сўнг вилоят прокурори технопаркда ёш ихтирочилар ва ташаббускорлар томонидан тақдим этилган қатор стартап лойиҳалари билан танишди. Хусусан, бизнес-режалар ишлаб чиқиш, инвестиция ва грант маблағларини жалб этиш, маҳаллий хомашё асосида гигиеник воситалар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларнинг истиқболлари муҳокама қилиниб, уларни амалиётга самарали татбиқ этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мулоқот чоғида ёшларга лойиҳаларни янада такомиллаштириш, бозор талабларини чуқур ўрганиш, маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш ҳамда инвесторлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири