“Прокурор кубоги”да кучлилар сараланди
Наманганда вилоят прокуратураси ташаббуси билан давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари талаба- ёшлари ўртасида кураш бўйича “Прокурор кубоги” мусобақаси ўтказилди.
Президентимизнинг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида уюштирилган мазкур турнирда 100 нафарга яқин ўғил-қиз 48 килограммдан 90 килограммгача бўлган турли вазн тоифаларида ғолиблик учун гиламга чиқди.


Соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшлар орасида миллий кураш турини кенг оммалаштиришга қаратилган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, аёл-қизлар ўртасида 48 кг. вазнда Рухшона Мирзакаримова, 63 кг. вазнда Азиза Тоҳиржонова, эркаклар ўртасида 75 кг. вазнда Файзулло Тўлабоев, 90 кг. вазнда Искандар Абдуғаниев ғолиб бўлишди.
Турнирнинг тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндор жамоалар, фаол курашчиларга вилоят прокуратураси томонидан қимматбаҳо совғалар, кубок, диплом ва медаллар тақдим этилди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири