“Президент олимпиадаси” ва Осиё ўйинларига тайёргарлик масаласи муҳокама қилинди
Мамлакатимизда профессионал спортни янги босқичга олиб чиқиш, Ватанимиз шарафини нуфузли мусобақаларда муносиб ҳимоя қиладиган маҳоратли спортчиларнинг янги авлодини тайёрлашга қаратилган “Президент олимпиадаси” комплекс ўйинларининг финал босқичини юқори савияда ўтказиш, иштирокчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда мусобақа олдидан ўқув-машғулот йиғинларини самарали ташкил этиш устувор вазифа ҳисобланади.
Спорт вазирлигида мазкур масалаларга бағишланган ташкилий қўмита йиғилишида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни жисмоний тарбия ва спортга тизимли жалб қилиш мақсадида йўлга қўйилган “Президент олимпиадаси” мусобақалари қисқа фурсатда чинакам иқтидорларни кашф этиш мактабига айланиб улгурди.

Мусобақаларнинг маҳалла, туман ва вилоят босқичларида миллионлаб ўғил-қизлар спортнинг бир қатор оммавий ва олимпия турлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этди.
Энг муҳими, ушбу жараёнда чекка-чекка қишлоқ ва овуллардаги спорт тўгаракларида машғул бўлаётган, аммо шу пайтгача ўз иқтидорини кенг жамоатчиликка кўрсата олмаган ёш спортчилар юзага чиқмоқда. Уларнинг маҳорати тажрибали селекционерлар ҳамда миллий терма жамоалар мураббийлари томонидан алоҳида назоратга олинмоқда.
Спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, спорт федерациялари мутасаддилари, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт бошқармалари вакиллари иштирок этган йиғилишда “Президент олимпиадаси” финал босқичини пухта ташкил этиш, иштирокчиларни мусобақага сифатли тайёрлаш ҳамда беллашувлар давомида спортчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида олиб борилаётган тайёргарлик ҳолати таҳлил қилинди.
Шунингдек, йиғилиш давомида жорий йил сентябрь-октябрь ойларида Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтадиган XX ёзги Осиё ўйинлари ва V Параосиё ўйинларига Ўзбекистон спортчиларининг тайёргарлик кўриш ва муносиб иштирок этиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Мутасадди ва мутахассисларнинг, федерацияларнинг вакиллари билдирган таклиф ва истаклар асосида Аичи-Нагоя шаҳрида бўлиб ўтадиган мусобақалар 2028 йилги “Лос-Анжелес-2028” Олимпиадасига тайёргарликнинг муҳим босқичи эканлигидан келиб чиқиб, тайёргарлик жараёнларини янада кучайтириш, терма жамоалар таркибини шакллантириш, ҳар бир йўналиш бўйича маҳоратли спортчиларга эътибор қаратиш, машғулотларни самарали ташкил этиш, спортчилар учун зарур шароитларни яратиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Айтиш лозим, XX ёзги Осиё ўйинларида 45 мамлакат спортчилари 41 та спорт турида ғолиблик учун кураш олиб боради. Ўзбекистон спортчилари сквош, елканли спорт, волейбол, соҳил волейболи, регби, гольф ва велотрек каби спорт турларида илк бор иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 20 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза медалга сазовор бўлган эди. 2022 йилги “Ханчжоу-2022” қитъа ўйинларида эса юртимиз вакиллари 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медални қўлга киритганди. Ҳар икки Осиё ўйинларида Ўзбекистон спорт жамоаси умумжамоада 5-ўринни эгаллаган.
Т.Рўзиев,
А.Мамадаминов(сурат), ЎзА