Шахмат олимпиадаси: Синдоров-Гукеш тўқнашуви рўй берадими?
Бугун, 21 сентябь куни 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 6-тур баҳслари ҳар жиҳатдан энг ҳаяжонли, шов-шувли қарама-қаршиликларни тақдим этаётганлиги билан муҳим мусобақа куни ҳисобланади.
Айнан бугун Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидовдан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси Рамишбабу Праггнанандҳа, Аржун Эригайси, Ниҳал Сарин, Гукеш Доммараджудан иборат Ҳиндистон жамоаси билан куч синашади.
Жуфтилклар ҳолатига эътибор қаратадиган бўлсак, Абдусатторов 1 тахтада Праггнанандҳа билан, Синдоров Эригайиси билан, Ёқуббоев Сарин билан, Воҳидов эса амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджу билан рўбарў келади.

Айтиш лозимки, шахматчиларимиз Ҳиндистон жамоаси билан 2022 йили Чинннай ва 2024 йили Будапештда ўтказилган шахмат олимпиадаларида тўқнаш келган. Ҳар икки “жанг”да ҳам муроса йўли танланганди.
Хўш, бугун ўйин қандай кечади? Устунлик ким томонда бўлади? Саволлар, тахминлар кўп. Бироқ, ўйин биз кутганимиздан-да шиддатли, муросасиз бўлиши тайин.
Дунё шахмат ишқибозлари диққат марказида бўладиган мазкур баҳс мутахассислар эътирофига кўра, Самарқанд олимпиадасининг энг юқори нуқтасидаги беллашув ҳисобланади.
Шунингдек, 6-турда Ўзбекистон-2 жамоаси Испания билан, Ўзбекистон-3 вакиллари Австралия жамоаси билан баҳс олиб боради.
Бундан ташқари, Хитой – Германия, Франция – Англия, Арманистон – Эрон, АҚШ – Норвегия, Нидерландия – Исроил, Озарбайжон – Англия жамоалари баҳси ҳам 6-турнинг муҳим ўйинлари саналадики, ушбу жамоалар қайд этган натижалар ўринлар тақсимотига таъсир кўрсатиши билан аҳамиятлидир.
Хотин-қизлар йўналишида Ўзбекистон-1 жамоаси Грузия, Ўзбекистон-2 Шимолий Македония ва Ўзбекистон-3 жамоаси Швеция қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Т. Рўзиев, ЎзА