Пойтахт аҳолиси энг кўп банд бўлган соҳалар маълум қилинди
Бизнес ва инновациялар марказига айланиб бораётган Тошкент шаҳрида аҳоли асосан қайси соҳаларда меҳнат қилади? Пойтахт иқтисодиётининг драйверлари қайси тармоқлар ҳисобланади?
Миллий статистика қўмитаси Тошкент шаҳридаги банд аҳоли сонининг иқтисодий фаолият турлари бўйича тақсимотига оид маълумотларни эълон қилди.
2026 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, ахоли пойтахтда асосан савдо, саноат ва қурилиш соҳаларида меҳнат қилмоқда.
Тошкент шаҳрида энг кўп ишчи кучи улгуржи ва чакана савдо соҳасига тўғри келишини кўриш мумкин. Бу тармоқда 241,6 минг киши фаолият юритмоқда. Пойтахтда тадбиркорлик ва тижоратнинг ривожланиши ушбу соҳани етакчига айлантирган.
Иккинчи ўринда эса ишлаб чиқариш саноати бормоқда. Бугунги кунда Тошкентдаги турли завод ва корхоналарда 188,9 минг киши меҳнат қилмоқда. Шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартираётган қурилиш соҳасида эса 161,2 минг киши бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқда.
Пойтахтда таълим ва тиббиёт тизими ҳам салмоқли ишчи ўрнига эга. Хусусан, таълим соҳасида 139,4 минг киши келажак авлодга билим бераётган бўлса, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўналишида 79,1 минг ходим аҳоли саломатлиги йўлида хизмат қилмоқда. Шунингдек, давлат бошқаруви, мудофаа ва мажбурий ижтимоий таъминот тизимида 118,6 минг киши фаолият юритмоқда.
Тошкент транспорт ва логистика маркази сифатида ҳам фаол. Ташиш ва сақлаш (транспорт) соҳасида 103,1 минг киши банд. Пойтахтда яшаш ва овқатланиш хизматларида 77,1 минг киши меҳнат қилмоқда. Шунингдек, бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш соҳасида 96,2 минг киши фаолият олиб бормоқда.
Сўнгги йилларда оммалашиб бораётган замонавий ва интеллектуал соҳаларда ҳам фаолият юритувчи аҳоли сони ҳам ортган.
Статистикага кўра, профессионал, илмий ва техник фаолият билан 71,2 минг киши, ахборот ва алоқа (IT ва телеком) йўналишида 71,1 минг киши ҳамда молиявий ва суғурта фаолиятида 43,5 минг киши меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари, бошқариш бўйича фаолият ва ёрдамчи хизматлар кўрсатишда 33,1 минг киши, кўчмас мулк билан операцияларда эса 31 минг киши банд.
Пойтахт йирик мегаполис бўлгани сабабли, табиийки, ер ва табиий ресурслар билан боғлиқ тармоқларда бандлик даражаси анча паст. Тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш соҳасида 29,3 минг киши, санъат, кўнгилочар ва дам олиш йўналишида эса 20,1 минг киши ишлайди.
Ишчи кучи энг кам рўйхатга олинган тармоқлар эса сув билан таъминлаш, канализация ва чиқиндиларни утилизация қилиш (13,5 минг киши), электр, газ билан таъминлаш (7,7 минг киши) ҳамда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги (5,8 минг киши) соҳалари бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент шаҳри бугунги кунда йирик савдо, саноат ва хизмат кўрсатиш маркази сифатида ўз мақомини сақлаб қолмоқда ва аҳолини иш билан таъминлашда етакчилик қилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА