Покистон ва Хитой денгиз ҳамкорлигини кучайтирмоқда
Ўтган ҳафта Хитойнинг Циндао шаҳрида ўтказилган Денгиз ҳамкорлиги форумида Покистон расмийлари ва олимлари фаол иштирок этди. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз “Associated Press of Pakistan” хабар берган.
Анжуманда Покистон, Хитой, Шри-Ланка, Бангладеш, Мальдив ороллари ва Жанубий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан 100 га яқин вакил жамланиб, денгиз фани, иқлим ўзгаришига қарши кураш ҳамда барқарор “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Тадбир якунида Покистон ва Хитой минтақавий алоқасини мустаҳкамлашга қаратилган ягона ҳамкорлик ташаббуси қабул қилинди.
Иштирокчилар 3 асосий йўналиш – океан ва иқлим кузатуви, табиий офатнинг олдини олиш, денгиз экотизимини ҳимоя қилиш ҳамда ресурсдан самарали фойдаланиш бўйича фикр алмашди. Покистон Океанография миллий институти бош директори Наъматулла Соҳо ва Ласбела қишлоқ хўжалиги, сув ва денгиз фани университети ректори Абдул Малик маъруза қилиб, уммон муҳофазаси ва ходимлар тайёрлашда Хитой томони кўрсатаётган улкан ёрдамни алоҳида эътироф этди.
Покистонлик мутахассислар таъкидлашича, яқин ойларда океан муҳитини муҳофаза қилиш ва экологик лойиҳалар амалга ошириш бўйича муайян амалий қадамлар ташланиши кутиляпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА