Покистон бош вазири жамиятни китобхонликка чақирди
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф “Жаҳон китоб куни” муносабати билан аҳолига мурожаат қилиб, ўлкада китобхонлик маданиятини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. У китоблар билим, тафаккур ва маънавий ўсишнинг энг муҳим манбаи бўлиб қолишини қайд этди.
Бош вазир ўз нутқида китобхонлар, ёзувчилар, нашриётчилар, ўқитувчилар ва талабаларни байрам билан қутлаб, мамлакат зиёлилари ва педагогларнинг жамият интеллектуал ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Бу ҳақда ЎзА ҳамкори “APP” ахборот агентлиги ёзди.
Шарифнинг фикрича, китоблар инсонни янги ғоялар ва турли қарашлар билан таништиради, танқидий фикрлашни шакллантиради ва бағрикенглик, тинчлик каби қадриятларни мустаҳкамлайди. У бу фазилатлар барқарор ва тараққий этган жамият учун асос бўлишини таъкидлади.
Шу билан бирга, у рақамли даврда ҳам китоб ўқиш аҳамияти камаймагани, аксинча, янада муҳимлашганини айтди. Ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш, фойдали адабиётларни ўқиш имкониятини кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини қўшимча қилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА