БАА ва Сурия ҳамкорликни кучайтирмоқчи
Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Сурия раҳбари Аҳмад аш-Шарани қабул қилди. Учрашув давомида томонлар ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва айниқса, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
“WAM” ахборот агентлиги ёзишича, етакчилар Яқин Шарқдаги вазият ва унинг хавфсизлик ҳамда жаҳон иқтисодиётига таъсирини атрофлича кўриб чиқишган. Айниқса, минтақадаги барқарорлик, денгиз хавфсизлиги ва геосиёсий жараёнлар мулоқотнинг муҳим қисмини ташкил этди.
Сурия раҳбари Эрон томонидан амалга оширилган ҳужумларни қоралаб, уларни халқаро ҳуқуқ ва давлат суверенитетига зид, деб атади. Шу билан бирга, у БААнинг хавфсизликни таъминлаш бўйича кўрган чораларини юқори баҳолаб, минтақавий барқарорликни сақлашдаги ролини алоҳида таъкидлади.
Мулоқот якунида давлат раҳбарлари ҳамкорликни янада ривожлантиришга содиқ эканини билдирди. Уларнинг фикрича, бу ҳам иқтисодий ўсишни рағбатлантиради, ҳам халқлар фаровонлигига хизмат қилади.
Мусулмон Зиё, ЎзА