Педагогларнинг Хоразмдаги ўқувлари давом этмоқда
Аввал хабар берганимиздек, Хоразм вилоятида “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон келажаги” мавзусидаги ўқув-семинар бўлиб ўтмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тизимда фаолият олиб бораётган педагогларни соҳадаги муҳим янгиликлар, илғор халқаро тажрибалар билан таништириш мақсадида ҳудудий бўлинмалар учун ташкил этилган мазкур семинар доирасида маданий тадбирлар, таълим муассасалари фаолияти билан танишиш ва ҳайъат йиғилиши каби тадбирлар ўрин олган.
Семинар иштирокчиларининг Хоразмга ташрифи “Ренессанс” нодавлат таълим ташкилоти билан танишувдан бошланди.
Ташриф давомида иштирокчилар муассасада яратилган замонавий шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёнининг ташкил этилиши ҳамда илғор педагогик ёндашувлар билан яқиндан танишди.
Шунингдек, таълим жараёнида Хитой методикаси асосида қўлланилаётган замонавий усуллар ва уларнинг амалий самарадорлиги ҳақида маълумотлар берилди.
Мазкур ташриф иштирокчилар учун илғор тажрибаларни ўрганиш, ўзаро фикр алмашиш ва янги ғоялар олиш имконини берди.
– Хоразмга ташрифимиз бизда катта таассурот қолдирди, – дейди Жиззах вилояти Фориш тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлим бошлиғи Гавҳар Беркинова. – Айниқса, “Ренессанс” таълим ташкилотидаги замонавий муҳит ва тарбиячиларнинг ўз ишига бўлган муносабати таҳсинга лойиқ. Бу ерда қўлланилаётган Хитой педагогик методикаси ўқувчиларнинг салоҳиятини очишда жуда самарали эканига гувоҳ бўлдик. Бундай илғор тажрибаларни бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштириш мақсадга мувофиқ.
Семинар иштирокчиларининг навбатдаги манзили Хива шаҳридаги 15-сонли мактабгача таълим ташкилоти бўлди.
Ташриф давомида меҳмонлар муассасада болажонлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёнининг ташкил этилиши, имкониятлар ҳамда педагогларнинг самарали иш тажрибалари билан яқиндан танишди.
Шунингдек, мактабгача таълим тизимида сифатли таълим-тарбия муҳитини шакллантириш, илғор усулларни амалиётга татбиқ этиш ва болаларнинг ҳар томонлама ривожланишига қаратилган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Семинар иштирокчилари Урганч шаҳридаги 8-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлди.
Бу ерда педагоглар мактабда янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари, ўқувчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ҳамда таълим жараёнини самарали ташкил этиш борасидаги ишлар билан яқиндан танишди.
Шунингдек, мактабда таълим сифатини ошириш, ўқувчилар учун қулай таълим муҳитини яратиш ва илғор педагогик ёндашувларни амалиётга жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
[gallery-30861]
Куннинг иккинчи ярмида ўқув-семинар иши Маъмун университетида давом этди.
– Маъмун университетида ташкил этилган семинар давомида иштирокчиларимиз таълим сифатини ошириш, замонавий ёндашувларни амалиётга жорий этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда янги ўқув йилини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашишди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўлим бошлиғи Замира Эрежепова. – Ўйлайманки, ушбу семинар янги ўқув йили олдидан семинар иштирокчиларига янги тажриба ва малакани тақдим этади. Улар ўз ҳудудларида худди Хоразмдаги каби намунали ўқув жараёнларини ташкил этади.
Машғулотлар жараёнида амалий тажрибалар таҳлил қилиниб, таълим тизимида самарадорликни оширишга қаратилган янги ёндашувлар муҳокама қилинмоқда.
Уч кунлик “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон келажаги” мавзусидаги ўқув-семинар якунида ҳайъат йиғилишини ўтказиш ҳам режалаштирилган. Унда ўтган йил сарҳисоб қилиниб, янги ўқув йилидаги устувор вазифалар, янги дастурлар ва тайёргарлик масалалари муҳокама қилинади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари