Педагогларга авиа ва темирйўл чипталари учун чегирма берилиши мумкин
Ўзбекистонда айрим тоифадаги педагогларга мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поезд чипталари учун чегирма бериш режалаштирилмоқда. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қарор лойиҳасига кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб юқори натижа кўрсатган таълим муассасалари педагоглари учун авиа ва темирйўл чипталарига йилда бир марта имтиёз бериш тартибини доимий асосда жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Лойиҳада республика рейтингида топ-100 таликка кирган умумтаълим ва мактабгача таълим ташкилотлари педагогларига, топ-20 таликка кирган техникумлар педагогларига, топ-10 таликдан ўрин олган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларига чегирмалар бериш назарда тутилган.
Таклиф этилаётган тартибга мувофиқ, самолётларнинг эконом-класс тарифлари ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлардан ташқари темирйўл қатновларидаги плацкарт ва купе вагонлари чипталари учун 15 фоиз чегирма берилиши мумкин.
Ушбу имтиёз йилда бир марта, Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб, тўғридан-тўғри бориш ва қайтиш йўналишида амал қилади.
Қарор лойиҳасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан рейтингга кирган таълим муассасалари ҳақидаги маълумотлар “Ўзбекистон темир йўллари” ва “Uzbekistan Airways” компанияларига тақдим этиб борилиши белгиланган.
Шунингдек, педагоглар мазкур имтиёздан фойдаланиш учун таълим муассасаси раҳбариятидан иш жойи ва лавозими кўрсатилган маълумотнома олиши лозим бўлади.
Мазкур ташаббус педагогларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш ҳамда ички туризмни ривожлантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини кучайтириш ва ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашга бўлган қизиқишини янада оширишга туртки бўлиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА