Гулистонда оқова сув тозалаш тизими имкониятлари намойиш этилди
Сув таъминоти ва оқова сув тизимини модернизация қилиш бугун нафақат коммунал соҳани ривожлантириш, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилувчи муҳим йўналишлардан бирига айланмоқда. Айниқса, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқлиги ва жамоатчиликка тезкор етказилиши соҳадаги ишонч ҳамда самарадорликни янада мустаҳкамламоқда.
Шу мақсадда “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган оқова сув тозалаш иншоотида оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчилар иншоотнинг фаолияти, оқова сувларни тозалашнинг технологик жараёнлари ҳамда лаборатория таҳлиллари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
Мутахассислар маълум қилишича, замонавий технологиялар асосида барпо этилган мазкур иншоотнинг умумий қиймати 7 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Иншоот 2025 йил 1 июндан ишга туширилган бўлиб, бир суткада 25 минг куб метр оқова сувни тозалаш қувватига эга.
Таъкидланишича, бундай иншоотлар санитария ва экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда аҳоли учун қулай яшаш шароитини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Пресс-тур доирасида журналистлар иншоот лабораториясида оқова сув намуналарини таҳлил қилиш жараёнлари билан ҳам танишиб, тозалаш натижаларининг экологик кўрсаткичлари қандай назорат қилинаётгани ҳақида батафсил маълумот олди.
Тадбирдан сўнг “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати ҳамда “Сирдарё сув таъминоти” АЖ мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоятда ва Республика миқёсида ичимлик суви таъминотини яхшилаш, оқова сув хизматлари тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.
Жумладан, “Сирдарё сув таъминоти” АЖ бош муҳандиси Маҳмуд Яровнинг таъкидлашича, бугунги кунда вилоят аҳолисининг 88,4 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган.
– Жорий йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 182 километр ичимлик суви тармоқлари ҳамда 3 та сув иншооти қурилиши якунланмоқда. Шунингдек, Гулистон шаҳрини 24 соатлик ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси доирасида 87 километр тармоқ тортилди. Натижада 22 минг хонадон ёки 102 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланди, – деди у.
[gallery-29520]
Матбуот анжуманида сўзга чиққан “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов эса республикада соҳани ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб, сув таъминоти тизимининг барқарор фаолияти нафақат инфратузилмани ривожлантириш, балки истеъмолчиларнинг тўлов интизоми ва сувдан оқилона фойдаланиш маданияти билан ҳам бевосита боғлиқлигини қайд этди.
Анжуман якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга соҳадаги мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
Нилуфар Бозорова, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА