Партиянинг ҳудудий режалари кўриб чиқилди
“Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент вилоят Кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди.
Унда партиянинг вилоят миқёсида амалга ошираётган ишлари сарҳисоб қилиниб, устувор йўналишлар бўйича келгусидаги вазифалар муҳокама этилди.
Тадбирда вилоят Кенгаши аъзолари, ҳудудий ташкилот раҳбарлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Пленум кун тартибидан партиянинг жорий йилги фаолиятига оид муҳим масалалар, ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар натижалари ҳамда янги ташаббусларни илгари суриш каби долзарб масалалар ўрин олди. Хусусан, партия Тошкент вилоят Кенгаши раиси Маҳмуд Назаров ўтган йил якунлари ҳамда жорий йилда амалга ошириш лозим бўлган режалар бўйича атрофлича ахборот берди.
Қайт этилганидек, 2025 йил бошида “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент вилоят Кенгаши вилоят “Ҳунарманд” ҳамда туризм бошқармалари билан соҳаларни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзолади. Бунинг натижасида Оққўрғон туманида “Қанқа шаҳристон”, “Шоҳруҳия шаҳристон”, Оҳангарон туманида “Суюрлитепа”, Пискент туманида “Қорихона” (миль. авв. II-I асрлар) археология ёдгорлиги маданий мерос объектларини ЮНЕСКО умумжаҳон рўйхатига киритиш бўйича таклифлар берилди.
Шу билан бирга, жойларда фаолият олиб бораётган депутатлар томонидан аҳолига қулайлик яратиш борасидаги фаол ташаббуслар алоҳида эътироф қилинди.
— Ҳар чоракда депутатларнинг фаолияти юзасидан ахборот таҳлил бўлими томонидан маълумотлар тайёрланмоқда, — дейди партия вилоят Кенгаши раиси М. Назаров. — 2025 йилнинг якуни бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилинганида жойлардаги айрим муаммолардан келиб чиқиб мутасаддиларга депутатлик сўровлари, мурожаат хатлари чиқарилмагани, партиянинг Сайловолди дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, сессияларга масалалар киритилиши талаб даражада эмаслигини кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда аҳолини иш билан таъминлаш, айниқса, ёшлар ва аёлларни касбга-ҳунарга йўналтириш, бандлик, “Устоз-шогирд” анъаналарида ташаббус кўрсатишимиз керак. “Уйма-уй” ва “Хизмат-беминнат” лойиҳалари айнан депутатларимиз томонидан дадиллик билан халқ ичига кириб бориш, уларни қийнаётган муаммо ва тўсиқларга амалий ёрдам кўрсатиш талаб этилади.
[gallery-28472]
Шунингдек, депутатларнинг ўзи сайланган ҳудудларда аҳоли билан мунтазам алоқани йўлга қўйиш, долзарб масалаларни ўз имконият доирасида, қонуний ҳал этишга киришиш ва унинг ечими юзасидан сайловчиларига ҳисобот бериш лозимлиги айтилди. Катта маблағ ва ҳукумат доирасида ҳал этиладиган масалаларни вилоят Кенгаши сессиясига ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик партиясидаги фракцияси мажлисларида кўриб чиқиш учун киритиш борасида сўз юритилди.
Йиғилиш давомида партиянинг вилоятдаги фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш ва уларни ижтимоий ҳаётга кенг жалб этиш бўйича таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди.
Тегишли қарорлар қабул қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА