Партия ташаббуси билан сайёр қабул ўтказилди
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Нукус туманида аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва уларнинг муаммоларига ечим топишга қаратилган навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан ичимлик суви таъминоти, электр энергияси, тиббий хизмат, аҳоли бандлигини таъминлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.

Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича кўриб чиқилди. Айрим масалалар жойининг ўзида ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш ва тегишли чоралар кўришни талаб этувчи мурожаатлар масъул идоралар назоратига олиниб, уларнинг ижроси юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.

Сайёр қабул якунида аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишлар ҳам бажарилди. Хусусан, тўрт нафар ёшнинг олий таълим муассасаларида шартнома тўлови қоплаб берилди. Шунингдек, бир нафар фуқарога Самарқанд вилоятида юқори технологияли бепул тиббий операция ўтказиш учун йўлланма берилди.
Бундай сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш ҳамда уларнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири