Хоразмда “Talaba Expo–2026” касбий кўргазмаси очилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида “Келажакка қадам” дастури доирасида “Talaba Expo–2026” касбий кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Санъат Салаев ҳамда “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳузуридаги “Келажакка қадам” маркази директори Элмурод Ҳошимов сўзга чиқиб, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр билдирди.
[gallery-30687]
Кўргазма доирасида талаба-ёшлар ва битирувчилар учун бизнес семинарлари ҳамда тренинглар ташкил этилди. Уларда иштирокчилар тадбиркорлик асослари, шахсий брендни шакллантириш ва касбий фаолиятни ривожлантириш юзасидан мутахассислар ҳамда тажрибали тадбиркорларнинг амалий тавсиялари билан танишди.
Тадбир якунида “Talaba Expo–2026” касбий кўргазмасини ташкил этишда фаол иштирок этган олий таълим муассасалари жамоалари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Ўзмиллийбанк” томонидан тақдирланди. Шунингдек, “Келажакка қадам” дастурида фаол қатнашган талабаларга қимматбаҳо совғалар топширилди, истиқболли бизнес ғоялари муаллифларига эса тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун имтиёзли кредит ваучерлари берилди.
Беҳзодбек Саидов (сурат), ЎзА