Паррандачиликнинг янги манзили
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яна бир янги ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини бошлади. “Ғўбдин” маҳалла фуқаролар йиғинининг Хўжакобод қишлоғи ҳудудида ташкил этилган “Агропарранда кластер” масъулияти чекланган жамияти замонавий технологиялар асосида наслли паррандалар етиштиришга ихтисослашган.
Корхонада паррандачилик учун зарур бўлган наслли ота-она паррандаларини етиштиришнинг тўлиқ технологик жараёни йўлга қўйилган. Бу ерда ота-она гуруҳига мансуб наслли паррандалар дастлаб 120–130 кун давомида махсус шароитда парваришланади. Шундан сўнг улар махсус техникалар ёрдамида кейинги парваришлаш ҳудудига етказилиб, насл олиш жараёни давом эттирилади.


Янги корхонанинг ишга туширилиши ҳудудда паррандачилик тармоғини ривожлантириш билан бир қаторда, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Айни пайтда корхонада 40 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли вакили доимий иш билан таъминланган.


Ишлаб чиқариш жараёнини самарали ташкил этиш учун мутахассислар ва ишчи-ходимларга зарур меҳнат шароитлари яратилган. Бу эса корхона фаолиятини барқарор йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич ошириш ва келгусида янги иш ўринлари яратиш учун замин бўлмоқда.


Туманнинг қишлоқ ҳудудида замонавий паррандачилик корхонасининг иш бошлаши маҳаллий иқтисодиёт учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бундай лойиҳалар нафақат ишлаб чиқариш салоҳиятини оширади, балки аҳоли учун барқарор даромад манбасини яратиш, оилалар фаровонлигини юксалтириш ва ҳудуд иқтисодий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади.

Ғаллаоролдаги мазкур корхона фаолиятининг кенгайиши билан паррандачилик йўналишида янги имкониятлар юзага келиши, иш ўринлари сони ортиши ва маҳаллий аҳолининг даромад манбалари янада кўпайиши кутилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири