Парижда Ҳурмуз бўғози масаласи муҳокама қилинди
Франция ва Буюк Британия ташаббуси билан Парижда Ҳурмуз бўғози орқали юк ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп миллатли миссия тузиш масаласи муҳокама қилинган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда 30 дан ортиқ давлат иштирок этди.
Йиғилишдан сўнг Лондон ва Париж фақат мудофаа ва тинчлик мақсадини кўзлайдиган миссияга раҳбарлик қилишга тайёрлигини эълон қилди. Миссия минтақага вазият барқарорлашгандан сўнг жойлаштирилади ва тижорий юк ташувчиларни хатардан ҳимоя қилиш, ҳудудни минадан тозалаш амалиётини қўллаб-қувватлайди.
“France-24” телеканали тарқатган хабарда Бош вазир Кир Стармер лойиҳага 10 дан ортиқ давлат қўшилганини айтди. Президент Эммануэль Макрон эса Ҳурмуз очилиши барқарорлик калити сифатида халқаро хавфсизлик механизми билан мустаҳкамланиши зарурлигини таъкидлади.
С.Раҳимов, ЎзА