Париж ва Берлин Пекинга қарши “қалқон” таклиф қилди
Франция ва Германия Европа Иттифоқига Хитойдан келаётган иқтисодий босимга тезкор жавоб бериш имконини берувчи янги савдо механизми яратишни таклиф қилди. Париж ва Берлин Брюсселга Европа бозорида рақобатни бузаётган ташқи давлатларнинг бозорга киришини чеклаш ваколати берилишини сўрамоқда.
Президент Эммануэль Макрон ва Канцлер Фридрих Мерц Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйенга йўллаган мактубида субсидия, валюта манипуляцияси каби бозор мувозанати бузилишига қарши тариф ёки бошқа иқтисодий чораларни тезда қўллаш имкони яратилиши бўйича таклиф киритган. Брюссель маълумотига кўра, 2025 йил ЕИнинг Хитой билан савдо тақчиллиги кунига қарийб 1 миллиард еврога етган.
Шунингдек, бу икки қудратли давлат Хитойга боғлиқликни камайтириш, таъминот занжирини такомиллаштириш ва Пекиннинг эҳтимолий жавоб чорасига тайёр туриш зарурлигини таъкидлаган. Ташаббус келаси ҳафта Европа Кенгаши саммитида муҳокама қилинади, Франция ва Германия эса фармацевтика, автомобилсозлик, машинасозлик, аэро фазовий саноат ва кимё каби муҳим тармоқларни ташқи иқтисодий босимдан ҳимоя қилишни мақсад қилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА