“Ўзмиллийбанк”: шанба — спорт ва соғлом турмуш тарзи куни
Бугун мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, меҳнат жамоалари ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Зеро, жисмоний фаоллик нафақат саломатлик гарови, балки иш самарадорлиги ва жамоавий жипсликни таъминловчи муҳим омилдир. Пойтахтимизда мунтазам ташкил этилаётган оммавий спорт тадбирлари бу борадаги ишларнинг амалий ифодаси бўлмоқда.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ташаббуси билан “Ёшлик” спорт мажмуасида ўтказилаётган мусобақалар аллақачон анъанавий тус олди. Ҳар ҳафта ташкил этилаётган ушбу спорт байрами банк ходимларини бир мақсад – соғлом ҳаёт сари бирлаштирмоқда.

— Бугунги кунда замонавий банк тизими нафақат юқори сифатли хизмат кўрсатишни, балки жамоанинг соғлом ва тетик бўлишини ҳам талаб этади, — дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ спорт тарғиботчиси Улуғбек Сайфуллаев. — Шу боис, банк раҳбарияти ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар шанба куни “Спорт куни” деб эълон қилинди. Бу шунчаки белгиланган тадбир эмас, балки ходимларимизнинг соғлигини тиклаш, иш ҳафтаси давомидаги чарчоқларни чиқариш ва руҳий тетикликни таъминлашга қаратилган муҳим тизимдир. Таъкидлаш керакки, “Спорт куни” доирасида машғулотлар бир ёқлама эмас, балки қизиқарли ва кўпқиррали этиб ташкил этилган. Ҳозирда ходимларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, олтита спорт тури бўйича мунтазам машғулотлар ва мусобақалар йўлга қўйилган. Булар — футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка ҳамда фитнес машғулотларидир.

Таъкидлаш жоизки, тадбир юқори ташкилий савияда, тизимли равишда йўлга қўйилган бўлиб, ҳар бир иштирокчи учун тенг шароитлар яратилган. Мусобақалар дастуридан ўрин олган футбол, волейбол ва стол тенниси бўйича баҳслар муросасиз ва кучли рақобат остида ўтмоқда. Жамоалар ўртасидаги аҳиллик ва ғалабага бўлган интилиш ўйинларнинг шиддатини янада оширмоқда.

Тадбирнинг яна бир эътиборли жиҳати, жараёнга сертификатланган бодибилдинг ва фитнес мураббийларининг жалб этилганидир. Улар томонидан ўтказилаётган махсус машғулотлар ходимларга жисмоний юкламаларни тўғри бажариш ва спорт маданиятини юксалтириш бўйича фойдали кўникмалар бермоқда.


Бу каби изчил ташкил этилаётган ташаббуслар нафақат ходимларнинг жисмоний фаоллигини оширишга, балки корпоратив муҳитни соғломлаштириш ва жамоа ичида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Зеро, спорт майдонидаги дўстона рақобат кейинчалик иш жараёнидаги юқори натижаларга замин яратади.
ЎзА