“Ўзметкомбинат” АЖ ва “Jiangsu SOHO Holdings Group” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Хитойнинг "Jiangsu SOHO Holdings Group" директорлар кенгаши раиси Чжоу Юн бошчилигидаги делегация "Ўзметкомбинат" АЖга ташриф буюрди. Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Ташриф давомида делегация аъзолари корхонанинг Қуйиш-прокатлаш комплекси фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонларга ишлаб чиқариш жараёнлари, мавжуд технологик имкониятлар ҳамда корхонада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Мулоқот чоғида хомашё таъминотини йўлга қўйиш, маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилиш, логистика имкониятларини кенгайтириш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, келгусида амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳалар ва ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, "Jiangsu SOHO Holdings Group" Хитойда турли йўналишларда фаолият юритувчи компаниялардан бири ҳисобланади. Гуруҳнинг халқаро ҳамкорлик борасидаги тажрибаси хорижий шериклар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Учрашув якунида "Ўзметкомбинат" АЖ ва "Jiangsu SOHO Holdings Group" ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат томонлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Жамият ахборот хизмати маълум қилишича, мазкур келишув август ойида Хитойда "Ўзметкомбинат" АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Абдуллаев бошчилигида ўтказилган музокараларнинг амалий давоми бўлди. Ушбу келишув асосида аввалги музокараларда белгиланган вазифаларни изчил давом эттириш, янги ташаббусларни илгари суриш ва икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини кенгайтириш мақсад қилинган.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА