Клаус Мангольд: “Ўзбекистон ўз тараққиётининг ўзига хос йўлини танлади”
Ўзбекистон мустақиллик йилларида сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириб, халқаро ҳамжамият билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини тобора кенгайтириб бормоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш ва хорижий ҳамкорлар билан ишончли муносабатларни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар халқаро доираларда ҳам эътироф этилмоқда.
Бу каби ўзгаришлар Ўзбекистоннинг Германия билан муносабатларида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланиб, ўзаро ишонч ва манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик янги мазмун билан бойиб бормоқда.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланаётган “Ўзбекистон - Германия: 35 йиллик тараққиёт ва ҳамкорлик” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони - „Mangold Consulting GmbH“ консалтинг компанияси раиси, таниқли немис иқтисодчиси, профессор Клаус Мангольд.
Лойиҳа доирасида профессор Клаус Мангольд Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, иқтисодий салоҳияти ва халқаро майдондаги ўрни ҳақида ўз фикрларини билдирди:
– Аввало, Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан чин юракдан табриклайман. Ўтган давр мобайнида мамлакат ўз тараққиётининг ўзига хос йўлини танлаб, жадал ривожланиш босқичини босиб ўтди. Бугун бу юрт юксалиш ва фаровонлик сари изчил одимлаётган, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган давлат сифатида намоён бўлмоқда. Энг қувонарлиси, бу натижаларга тинчлик ва барқарорликка асосланган тараққиёт йўли орқали эришилди. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатда фаровонлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамият касб этди.
Ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистон ўз тараққиётининг ўзига хос йўлини изчил давом эттириш учун барча имкониятларини ишга солмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, мамлакат фуқаролари ўз юртида ўзларини бахтли ва фаровон ҳис қилмоқда, халқаро ҳамжамият эса юз бераётган ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлмоқда.
Бундай натижалар, аввало, мамлакатда шаклланган иқтисодий муҳит ва унга бўлган ишонч билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар қандай мамлакатда иқтисодиёт фақат юксак ишонч муҳитидагина барқарор ривожланиши мумкин. Иқтисодиёт ва ишонч бир-бирини тўлдириб, тараққиёт учун мустаҳкам замин яратади. Сўнгги йилларда ушбу ишонч Президент ва ҳукумат томонидан амалга оширилаётган изчил сиёсат натижасида янада мустаҳкамланди.
Барқарор ва ишончли иқтисодий муҳит эса мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш учун янги имкониятлар очади. Ўзбекистоннинг бундай салоҳияти жуда катта. Хомашё ресурслари, тўқимачилик, қурилиш ва автомобилсозлик мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқлари ҳисобланади. Айниқса, тўқимачилик соҳасида ўсиш имкониятлари юқори. Бироқ муваффақиятли иқтисодий сиёсатни фақат хомашё экспортига таяниб қуриб бўлмайди. Хомашёни саноат билан узвий боғлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини кенгайтириш ва улар ўртасида қўшилган қиймат занжирини шакллантириш зарур. Бу эса мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини янада ошириб, барқарор ўсиш учун мустаҳкам асос яратади.
Иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги эса, ўз навбатида, инсон капиталига бевосита боғлиқ. Мамлакатнинг энг катта бойлиги - яхши таълим олган, билимли ва заковатли ёшлардир. Ўзбекистонда меҳнат бозорига кириб келаётган улкан ёшлар салоҳияти мавжуд. Шу боис саноатлаштириш жараёнини жадаллаштириш ғоят муҳим. Зеро, саноатнинг ривожланиши ёшлар учун муносиб иш ўринларини яратиш билан бирга, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишига ҳам хизмат қилади.
ёИнсон капитали ва иқтисодий салоҳият ҳақида сўз юритар эканман, Ўзбекистон билан боғлиқ шахсий тажрибамни ҳам алоҳида таъкидламоқчиман. Тадбиркорлик фаолиятимнинг қирқ йилдан ортиғини Ўзбекистонда бизнес юритиш билан ўтказдим. Шу боис мамлакатдаги ўзгаришларни нафақат кузатиб, балки уларнинг кўпчилигига бевосита гувоҳ бўлиб келмоқдаман. Бугун Ўзбекистон илгари кўпчилик эришиб бўлмайди деб ўйлаган натижаларга эришиб, ўз олдига қўйган мақсадлари сари дадил қадам ташлаётганини ўз кўзим билан кўриб турибман.
Бу ўзгаришларни мамлакатнинг турли ҳудудларида ҳам яққол кўриш мумкин. Нукус, Тошкент, Жиззах ва Андижон шаҳарларига борганимда аҳоли турмуш даражасидаги ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўламан. Бу ҳеч муболағасиз айни ҳақиқат. Бугун ўзбекистонликларнинг истаган русумдаги автомобилни харид қилиш имкониятига эга бўлаётгани, шаҳарлардаги сайилгоҳлар, ресторан ва кафеларнинг гавжумлиги жамият ҳаётидаги ўзгаришлардан далолат беради. Эътиборлиси, бундай янгиланишлар фақат Тошкент ёки Самарқанд каби йирик шаҳарлардагина эмас, чекка ҳудуд ва қишлоқларда ҳам сезилмоқда. Менимча, бу ўзгаришларга сўнгги йилларда Президент бошчилигида шаклланган самарали давлат бошқаруви ва изчил ислоҳотлар тизими замин яратди.
Мамлакат ичидаги бундай ижобий ўзгаришлар, табиийки, унинг халқаро майдондаги мавқеига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Зеро, ишончли ва барқарор бошқарув тараққиётнинг муҳим шартларидан биридир. Бугун Ўзбекистон халқаро майдонда ўз ўрни ва нуфузини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Илгари нисбатан чекланган ташқи алоқалар доирасида бўлган мамлакат бугун Ғарб ва Шарқ давлатлари билан ўзаро манфаатли, конструктив ҳамда яхши қўшничиликка асосланган муносабатларни изчил ривожлантирмоқда. Жаҳон ҳамжамияти билан алоқаларнинг кенгайиб, Ўзбекистоннинг халқаро жараёнларга тобора фаол интеграциялашиб бораётгани мамлакатдаги барқарорлик, изчил тараққиёт ва ишончли ҳамкорлик муҳитининг муҳим кўрсаткичидир.
Мамлакат ҳаётида яққол сезилаётган бу жўшқинлик келгуси йилларда ҳам давом этишини чин дилдан истайман. Ўзбекистон ва унинг халқига барча жабҳаларда улкан муваффақиятлар тилайман. Эришилган ютуқлардан фахрланиш керак. Зеро, улар келажакда янада катта фаровонлик, тинчлик ва бахт учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.