
Бугунги кунда саноат тармоқларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш ҳар қандай иқтисодиётнинг барқарор ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Айниқса, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамли бошқариш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва сифатни ошириш бўйича илғор технологияларни жорий этишга интилган мамлакатлар ушбу соҳада жиддий қадамлар қўймоқда. Ўзбекистон ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этяпти.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси масъуллари ва электротехника саноатида фаолият юритаётган қатор корхоналар вакилларининг Туркия Республикасига қилган хизмат сафари ҳам ана шундай мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли.
Бугун делегация аъзолари Истанбул шаҳрида жойлашган “Trex Digital Manufacturing” компаниясида бўлиб, замонавий саноат бошқаруви технологиялари, жумладан, MES (Manufacturing Execution System) тизими билан яқиндан танишди.
Мутахассислар таъкидлашича, ушбу хизмат сафаридан кўзланган мақсади ишлаб чиқаришни рақамли бошқариш, жараёнлар самарадорлигини ошириш, маҳсулот сифати ва ишлаб чиқаришда шаффофликни таъминлашда муҳим роль ўйнайдиган MES тизимининг амалий қўлланилиши билан танишиш ҳамда уни Ўзбекистондаги электротехника саноатига жорий этиш истиқболларини муҳокама қилишдир.
Музокаралар чоғида мазкур тизимнинг ишлаб чиқариш жараёнларини реал вақтда бошқаришдаги аҳамияти, маҳсулот сифати устидан рақамли назоратни ташкил этиш имкониятлари, операцион харажатларни қисқартириш ва таннархни оптималлаштириш бўйича турк компаниясининг тажрибаси кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, автоматлаштирилган бошқарув усуллари ва иш жараёнидаги шаффофликни таъминлаш механизмлари бўйича аниқ мисоллар асосида фикр алмашилди.
– Мазкур ташриф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 январдаги “Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, саноатни рақамлаштириш соҳасидаги амалий қадамлардан бири ҳисобланади. Айни пайтда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан электротехника тармоғида замонавий рақамли ечимларни жорий қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва миллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда, –деди уюшма ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов.
Учрашув якунида икки мамлакат мутахассислари ўртасида Ўзбекистондаги электротехника корхоналарида MES технологиясини босқичма-босқич жорий этиш юзасидан ҳамкорликнинг техник ва иқтисодий йўналишлари бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА