“Ўзбеккосмос” агентлиги Халқаро астронавтика федерациясига аъзо бўлди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йилнинг 30 август куни мамлакатда космик фаолиятни ривожлантириш ҳақида имзолаган фармонига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (“Ўзбеккосмос”) ташкил қилинди.
Агентлик космик соҳани ривожлантириш ва ундан фойдаланиш жабҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этишга жавобгар ҳисобланган давлат бошқарув органи ҳисобланади.

Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган 74-Халқаро астронавтика конгресси доирасида Халқаро астронавтика федерацияси ассамблеясининг навбатдаги сессиясида “Ўзбеккосмос” агентлиги Халқаро астронавтика федерациясига тўла ҳуқуқли аъзо бўлганини эълон қилди.
Халқаро астронавтика федерацияси халқаро нодавлат нотижорат илмий ташкилот бўлиб, у коинотни тинч мақсадларда тадқиқ қилиш муаммолари, шунингдек, ҳуқуқий нуқтаи назардан ракета ва космик масалалар билан шуғулланади.
Ташкилот 1950 йилда Парижда бўлиб ўтган I Халқаро астронавтика конгрессида 8 та давлат: Австрия, Аргентина, Буюк Британия, Дания, Испания, Франция, Германия, Швеция раҳбарлари томонидан ташкил этилган.
Н.Раҳмонова, ЎзА