Сифат инфратузилмаси учун малакали кадрлар тайёрлашнинг янги босқичи
Ўзбекистонда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг ягона тизими йўлга қўйилди. Бу борада Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган Давлат таълим талаблари муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Маълумки, илгари ушбу йўналишда ягона ва мажбурий давлат таълим талаблари мавжуд эмас эди. Мутахассисларнинг малака ошириш жараёни асосан ички тартиблар ёки алоҳида лойиҳалар доирасида амалга ошириларди. Бу эса билим ва кўникмаларнинг бир хиллигини таъминлаш ҳамда халқаро стандартларга мослашишда муайян қийинчиликларни туғдирарди.

Янги тасдиқланган Давлат таълим талаблари «Таълим тўғрисида», «Стандартлаштириш тўғрисида», «Метрология тўғрисида» ва «Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Президентимизнинг тегишли Фармон ва қарорларига асосланиб ишлаб чиқилди. Эндиликда соҳа мутахассислари учун ягона ва шаффоф ўқув мезонлари белгиланиб, ўқув режа ва дастурларининг мазмуни, юкламаси ҳамда шаклларига аниқ талаблар қўйилди. Хусусан, қайта тайёрлаш курслари 16–24 ҳафта, малака ошириш курслари эса 2 кундан 4 ҳафтагача давом этиши белгиланди. Бу ўқув жараёнининг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ҳужжатда илк бор тўртта замонавий ўқув шакли: бевосита институтда ўқитиш, иш жойида ўқитиш, масофавий таълим ҳамда дуал таълим расман мустаҳкамланди. Бу ходимларга ишдан ажралмаган ҳолда малака ошириш имконини беради, айниқса, ҳудудлардаги корхона ва лабораториялар учун катта қулайлик яратади. Шу билан бирга, ўқув дастурлари халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, назарий ва амалий билимларнинг уйғунлигига асосланган. Бунда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, қонунчиликдаги янгиликларни ўзлаштириш мажбурий этиб белгиланди. Бундай ёндашув мамлакатимизнинг халқаро майдондаги техник регламентлар бўйича ҳамкорлигини кучайтириб, экспорт-импорт жараёнларини соддалаштиради.
Янги талаблар доирасида ўқув сифатини баҳолашнинг кўп босқичли тизими жорий этилди. Ташқи баҳолаш Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан амалга оширилиши натижаларнинг холислигини таъминлайди. Курсларни муваффақиятли битирган тингловчиларга бериладиган диплом ва сертификатлар халқаро ҳамкорлар олдида ҳам тўлиқ ҳуқуқий кучга эга бўлади. Стратегик жиҳатдан мазкур ислоҳотлар саноат ва савдо соҳасидаги инвестициявий жозибадорликни оширишга хизмат қилади. Малакали мутахассисларнинг кўпайиши корхоналарда техник регламентларнинг тезроқ жорий этилишига, маҳсулотлар рақобатбардошлигининг ошишига замин яратади. Хулоса қилиб айтганда, янги Давлат таълим талаблари мамлакатимиз сифат сиёсатидаги муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистон стандартлар институтини замонавий ва халқаро даражадаги таълим масканига айлантиришга қаратилган.
Жўрабек МУРОДОВ,
Ўзбекистон стандартлар институти директор ўринбосари
ЎзА