Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 7 ойда 49,5 миллиард долларга етди
Ўзбекистон иқтисодиётида ташқи савдо алоқаларининг кўлами тобора кенгайиб бормоқда. 2026 йил январь–июль ойларида мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси 49,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,7 миллиард доллар ёки 8,1 фоизга кўп.
Ташқи савдо айланмасининг ўсишида импортнинг асосий драйверга айлангани Ўзбекистон иқтисодиётида ички талаб, инвестицион фаоллик ва модернизация жараёнлари юқори эканини кўрсатади. Айниқса, импорт таркибида машина ва транспорт ускуналарининг улуши катта. Январь–июль ойларида ушбу маҳсулотлар импорти 9,7 миллиард долларга етиб, жами импортнинг 32,8 фоизини ташкил қилган. Бу, бир томондан, ишлаб чиқариш қувватларини янгилаш, янги корхоналар ташкил этиш ва технологик жиҳозларга талаб ортиб бораётганидан далолат беради. Иккинчи томондан эса иқтисодиётнинг айрим йўналишларда импортга юқори даражада боғлиқлигини кўрсатади.
Саноат товарлари импорти 4,4 миллиард доллар, кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар 3,6 миллиард доллар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импорти эса 3,3 миллиард долларни ташкил этган. Айниқса, озиқ-овқат импортининг бир йилда 41,9 фоизга ўсгани ички бозордаги талаб ва нархлар барқарорлигини таъминлаш масаласи ташқи савдо сиёсатида муҳим ўрин тутишини кўрсатади.
Экспортнинг умумий ҳажми камайган бўлса-да, унинг таркибида муҳим ижобий ўзгариш кузатилмоқда. Олтин ҳисобга олинмаганда, товарлар экспорти 9,8 миллиард долларни ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 27,7 фоизга ошган. Бу кўрсаткич экспорт таркибининг диверсификацияланаётгани, яъни мамлакат ташқи бозорга нафақат хомашё, балки саноат ва қайта ишланган маҳсулотларни ҳам кўпроқ чиқараётганини англатади.
Хизматлар экспортидаги ўсиш ҳам эътиборга молик. Январь–июль ойларида хизматлар экспорти 7,3 миллиард долларга етиб, бир йилда 35,3 фоизга ошган. Унинг асосий қисмини туризм — 53,8 фоиз, транспорт хизматлари — 31,7 фоиз, телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари — 8,5 фоиз ҳамда бошқа бизнес хизматлари — 2,9 фоиз ташкил этган. Демак, хизматлар соҳаси Ўзбекистон экспортининг муҳим ўсиш нуқталаридан бирига айланмоқда. Туризм, транспорт ва рақамли хизматлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш келгусида экспорт тушумларини янада ошириш имконини беради.
Экспорт таркибида саноат маҳсулотлари 2,87 миллиард доллар билан 14,4 фоизлик улушни эгаллаган. Турли тайёр маҳсулотлар экспорти 1,68 миллиард доллар, кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар 1,56 миллиард доллар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар экспорти эса 1,54 миллиард долларни ташкил қилган. Тўқимачилик саноатида ҳам ўсиш давом этмоқда. Январь–июль ойларида тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 1,9 миллиард долларга етган. Бу умумий экспортнинг 9,5 фоизи бўлиб, бир йилда 26,6 фоизга ошган.
Экспорт таркибида тайёр тўқимачилик маҳсулотларининг улуши 52,2 фоиз, ип-калава улуши эса 31,4 фоизни ташкил этган. Бу ҳолат мамлакатда хомашёни қайта ишлаш даражасини ошириш ва қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотларни экспорт қилиш стратегияси ўз самарасини бераётганини кўрсатади. Мева-сабзавот экспорти эса 1,025 миллиард долларни ташкил этган. Шу даврда 1,28 миллион тонна мева-сабзавот хорижга чиқарилган. Экспорт ҳажми 0,4 фоизга ошган бўлса-да, қиймат жиҳатидан 3,9 фоизга камайган. Бу ҳолат ташқи бозорларда нархлар, маҳсулот таркиби ва логистика харажатлари каби омилларнинг экспорт тушумига таъсири юқори эканини кўрсатади.
Ўзбекистон 2026 йилнинг январь–июль ойларида 200 дан ортиқ давлат билан савдо алоқаларини амалга оширган. Мамлакатнинг энг йирик ташқи савдо ҳамкори Хитой бўлиб, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 11,26 миллиард долларни ташкил этган. Кейинги ўринларда Россия — 8,13 миллиард доллар, Қозоғистон — 3,27 миллиард доллар, Туркия — 1,65 миллиард доллар ва Афғонистон — 1,23 миллиард доллар билан қайд этилган.
Импортда ҳам Хитойнинг улуши юқори — 32,3 фоиз. Россиянинг улуши 17,9 фоиз, Қозоғистонники 8,1 фоиз, Туркия ва Жанубий Кореяники 3,5 фоиздан, Туркманистон ва Германияники эса 2,2 фоизни ташкил этган. Ушбу етти давлат ҳиссасига мамлакат умумий импортининг 65 фоиздан ортиғи тўғри келмоқда. Бу ташқи савдо географиясида йирик ҳамкорлар концентрацияси юқори эканини кўрсатади. Шу боис экспорт бозорларини кенгайтириш, янги савдо йўналишларини очиш ва маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш ташқи савдо барқарорлиги учун муҳим аҳамият касб этади.
Ҳисобот даврида ушбу тоифа импорти 3,29 миллиард долларга етиб, бир йилда 41,9 фоизга ошган. Жумладан, донли экинлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар импорти 864,9 миллион доллар, гўшт ва гўшт маҳсулотлари 574 миллион доллар, шакар ва ундан тайёрланган маҳсулотлар 434 миллион долларни ташкил этган. Озиқ-овқат импортининг тез ўсиши ички истеъмол бозоридаги талаб юқорилигини кўрсатса-да, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларини ҳам долзарблаштиради.
Хизматлар импорти январь–июль ойларида 3,6 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,3 фоизга ошган. Унинг 43,6 фоизи саёҳатлар, 27,4 фоизи транспорт хизматлари, 10,2 фоизи бошқа бизнес хизматлари ва 9,2 фоизи телекоммуникация, компьютер ҳамда ахборот хизматлари ҳиссасига тўғри келган. Бу кўрсаткичлар Ўзбекистон иқтисодиётининг халқаро хизматлар бозори билан интеграцияси кучайиб бораётганини кўрсатади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА