Жаҳон савдоси ва логистика: Марказий Осиё учун қандай янги имкониятлар очилмоқда?
Геосиёсий беқарорлик ва савдо сиёсатидаги ўзгаришларга қарамай, жаҳон савдосида ўсиш тенденцияси сақланиб қолмоқда. Бинобарин, айни жараёнда маҳсулот етказиб бериш йўналиши, логистика занжири барқарорлиги ва муқобил транспорт йўлакларига эҳтиёж тобора муҳим аҳамият касб этяпти.
Жаҳон савдо ташкилоти 9 сентябрь куни эълон қилган маълумотга кўра, товар савдоси барометри 102 пунктни ташкил этган. Бу кўрсаткич узоқ муддатли тенденциядан юқори бўлиб, жаҳон савдосида ижобий ўсиш суръати сақланаётганини кўрсатади. Контейнер ташуви индекси эса 99,6 пункт даражасида қайд этилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Савдо ва тараққиёт конференцияси ҳисоботида ҳам шундай ўсиш қайд этилган. 2026 йил биринчи ярмида жаҳон товар савдоси қиймати қарийб 13,7 триллион долларга етган ва йиллик 12,5 фоиз ошган. Ўсишнинг салмоқли қисми нарх кўтарилиши ҳисобига тўғри келган.
Транспорт ва логистика соҳасидаги вазият савдо жараёнига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Ҳурмуз бўғози орқали ташувда юзага келган узилиш энергия ресурси, транспорт хизмати ва логистика харажатига таъсир қилган. Бу ҳолат ишлаб чиқариш қийматига босим ўтказиши мумкин.
Шимолий денгиз: янги йўналишга қизиқиш ортмоқда
Бизнесдаги муаммо фақат ташув харажатини камайтириш билан чекланмаяпти. Таъминот занжирининг ташқи таъсирга бардошлилиги ҳам муҳим мезонга айланмоқда. Жаҳон савдоси асосан муайян йирик денгиз йўллари ва портларга таянади. Шу боис ҳар қандай можаро, ташувга қўйиладиган чеклов ёки бошқа ташқи омил бутун логистика занжирига таъсир этади.
Шу нуқтаи назардан сўнгги йилларда анъанавий денгиз йўналишларига қўшимча ҳисобланадиган транспорт маршрутларига қизиқиш кучаймоқда. Шимолий денгиз йўли ҳам шундай йўналиш.
9 сентябрь куни Хитой ва Европа ўртасидаги янги мавсумий Арктика контейнер ташуви доирасида илк рейс йўлга чиққани маълум қилинди. “Seatrade Maritime News” хабар беришича, “Dubai Tower” контейнер кемаси 15 август куни Хитойнинг Нинбо шаҳридаги портдан йўлга чиқиб, 25 кундан сўнг Буюк Британияга етиб борган.
“Sea Legend” компанияси томонидан “China Arctic Express” лойиҳаси доирасида амалга оширилган мазкур амалиёт мавсум давомида жами 8 рейсни назарда тутади. Ташув ҳафталик оралиқда ташкил этилади.
Шимолий денгиз йўлининг асосий афзаллиги масофа билан боғлиқ. “Росатом” маълумотига кўра, Шимолий денгиз орқали Шанхайдан Гамбурггача 7 300, Пусан ва Роттердам ўртасидаги масофа 7 500 денгиз мили. Ушбу йўналишлар мос равишда Сувайш канали бўйлаб 10 800 ва 11 000, Яхши умид бурни орқали эса 14 000 ва 14 500 милга етади.
Жанубий Кореянинг “PanStar Acro” компанияси ҳам август ойида Шимолий денгиз йўлида синов рейси амалга оширди. Пусандан чиққан кема 12 сентябрь куни Буюк Британиянинг Феликстоу портига 21 кунлик сафардан сўнг етиб борган. “Bloomberg” маълумотига кўра, ташувчи компания келаси йил Арктика бўйлаб 3 тагача рейс амалга ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Шимолий денгиз йўли ривожланиши табиий ва техник омилларга ҳам боғлиқ. Музлик шароити, кемаларнинг техник имконияти ҳамда муз ёрар кемалар ёрдами ташувни ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
2025 йил ушбу йўналиш орқали ташилган юкнинг умумий миқдори 37,02 миллион тоннани ташкил этган. Шундан 3,2 миллион тоннаси транзит ҳисобига тўғри келган. Мазкур кўрсаткич Шимолий денгиз йўлида транзит ташуви ҳажми бўйича рекорд натижа ҳисобланади.
Марказий Осиё учун рақобат эмас, муқобил йўналишлар зарур
Шимолий денгиз йўлини Марказий Осиё учун алоҳида ва рақобатчи эмас, балки Евросиёда шаклланаётган кенг транспорт тизимининг бир қисми сифатида баҳолаш мумкин. Хитой ва Европа ўртасида қўшимча маршрутлар пайдо бўлиши ташқи савдо иштирокчилари учун йўналиш танлаш имкониятини кенгайтиради.
“Маъно” тадқиқот ташаббуслари маркази директори, сиёсатшунос Бахтиёр Эргашев таъкидлашича, минтақадаги қуруқлик транспорт йўлаклари ва Шимолий денгизни бир-бирини тўлдирувчи муқобил йўналишлар сифатида кўриш лозим. Ташиш кўлами ва имконияти жиҳатидан Транссибирь магистрали эса минтақадаги қуруқлик йўлакларига яқинроқ.
– Юкнинг муайян қисми қуруқлик транспорт йўлаклари орқали ташилади, –дейди Бахтиёр Эргашев. – Бу ҳажм ҳозир Сувайш канали орқали ташилаётган юкнинг ҳатто ўндан бирига ҳам етмайди. Энг яхши ҳолатда Марказий Осиё давлатлари орқали ўтадиган қуруқлик транспорт йўлаклари қарийб 100 миллион тонна транзит юк ташиши мумкин. Минтақа учун бу яхши натижа, аммо жаҳон савдоси миқёсида катта кўрсаткич эмас.
Шунинг учун мен бу йўналишлар ўртасида рақобатни ҳам, Шимолий денгиз йўли орқали мунтазам ташув бошланиши туфайли Марказий Осиё давлатлари жиддий йўқотишга дуч келишини ҳам кўрмаяпман. Энг муҳими – қуруқлик транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишда давом этиш. Аввало Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуриб битказиш керак. Ушбу лойиҳа жуда истиқболли. Айниқса Трансафғон йўналиши бўйича иш давом эттирилса, келгусида Трансиран йўналиши бўйича ҳам иш олиб борилса...
Шарқдан ғарбга ва шимолдан жанубга йўналган қуруқлик транспорт йўлаклари тармоғини ривожлантириш ҳам кенг кўламли стратегия сифатида жуда муҳим. Бу жараёгн албатта самара беради. Шимолий денгиз йўлининг ўз истиқболи, режаси, ривожланиш стратегияси бор. Буларнинг бари улкан Евросиёда юк ташиш қийматини камайтиришга хизмат қилади. Эҳтимол, бу ҳам бизнес сектори, ҳам ҳукумат интиладиган асосий мақсаддир.
Шу маънода Марказий Осиё учун асосий вазифа муайян бир йўналишни танлаш эмас, балки Евросиё транспорт тармоғига уланиш имкониятини кенгайтиришдир. Шимолий денгиз йўли, Транссибирь магистрали ва минтақа орқали ўтувчи қуруқлик йўлаклари бир вақтда ривожланиши ташув имкониятини кенгайтириб, логистика харажатини камайтиради.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА шарҳловчиси
ҒХ.