Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ишлари жадаллашди
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида изчил ишларни амалга оширмоқда.
2025 йилда 28 норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши натижасида 59 ҳужжат Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштирилди.
2023 йилдан буён мослаштирилган ҳужжатларнинг умумий сони 160 тадан ошди.

Бу рақамлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти ва адлия вазири Акбар Тошқулов учрашувида қайд этилди.

Учрашув давомида миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш, “Бюрократияни бартараф этиш” дастури доирасида давлат хизматларини соддалаштириш, рақамлаштириш ва инсон манфаатига йўналтириш, Рақамли технологиялар халқаро маркази судини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Адлия вазири вазирлик томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Хусусан, давлат хизматларини модернизация қилиш ва рақамлаштириш орқали бюрократик тўсиқлар изчил қисқариб бораётгани таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолияти доирасида келгусидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА