Янги марралар ва устувор вазифалар (+видео)
Кеча давлатимиз раҳбари раислигида Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги, мавжуд иқтисодий салоҳиятдан оқилона фойдаланиш ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган муҳим йиғилиш ўтказилди. Унда ҳудудни янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Қайд этилганидек, вилоят саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва туризм соҳаларида улкан имкониятларга эга бўлиб, бу борада мамлакатнинг етакчи ҳудудларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда вилоятда 2 та йирик нефть-газ кимё корхонаси самарали фаолият юритмоқда, яна биттаси барпо этилмоқда. Бу эса саноат салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, “яшил энергетика”ни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қиймати 5,2 миллиард доллар бўлган, умумий қуввати 4,5 гигаваттга тенг 10 та йирик қуёш ва шамол электр станцияларининг қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бу лойиҳалар нафақат энергия таъминотини яхшилайди, балки экологик барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Иқтисодий кўрсаткичлар ҳам ижобий динамикани намоён этмоқда. Жумладан, 2025 йилда ҳудудий ялпи маҳсулот ҳажми 7,2 фоизга ўсиб, 86,6 триллион сўмга етди. Саноатда 7,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,3 фоиз, хизматлар соҳасида эса 14 фоизлик ўсиш қайд этилди. Энг муҳими, ишсизлик даражаси 4,7 фоизгача, камбағаллик даражаси эса 6 фоизгача пасайгани амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аниқ натижаси экани таъкидланди.
Йиғилишда 2026 йил учун белгилаб олинган асосий мақсадли кўрсаткичлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Унга кўра, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 102,1 триллион сўмга етказиб, 9,1 фоиз ўсишга эришиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, саноат ишлаб чиқаришини 9,1 фоизга, қишлоқ хўжалигини 5,9 фоизга, хизматлар соҳасини эса 20,1 фоизга ошириш вазифаси қўйилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари ҳам устувор йўналиш сифатида белгиланди. Хусусан, ишсизлик ва камбағаллик даражасини 2 фоизгача тушириш, 381,5 минг нафар аҳолини барқарор даромад манбалари билан таъминлаш режалаштирилмоқда.
Бу мақсадларга эришиш учун ҳудудлар бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, Бухоро ва Когон шаҳарлари, шунингдек, Олот, Пешку, Қоракўл, Шофиркон, Ғиждувон ва Қоровулбозор туманларини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш бўйича аниқ дастурлар амалга оширилади.
Президентимиз Бухоро вилоятининг мавжуд иқтисодий ва ижтимоий имкониятларини тўлиқ ишга солиш, ҳудуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, ҳар бир ташаббусни пухта ўйланган, аниқ манзилли ва амалий натижа берадиган лойиҳаларга айлантириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида инвестицияларни жалб этиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувларни жорий этиш, туризм салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ҳамда инфратузилмани янада ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Мутасадди раҳбарларга ҳар бир соҳада аниқ натижадорликка эришиш, амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни тизимли равишда йўлга қўйиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
– Ўйлайманки, Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган ушбу тақдимот вилоят иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётини янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, вилоятдаги барча даражадаги раҳбарлар Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар ижросини таъминлашга масъулият билан ёндашиб, аниқ натижаларга эришишга қатъий киришишлари зарур, – дейди Ботир Зарипов давлат раҳбари белгилаб берган вазифлардан келиб чиқиб.
Умуман олганда, белгиланган вазифалар ва режалар Бухоро вилоятининг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш ва ҳудудни барқарор тараққиёт йўлига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/l2PMMOBREhQ" title="Yangi marralar va ustuvor vazifalar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов (видео), ЎзА мухбири