Ўзбекистонлик ёш рассомлар Бокудаги нуфузли халқаро танловда ғолиб бўлди
Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида Art-Fest-Asia халқаро ижодий ташкилоти томонидан "Baku Art Fest" халқаро ижодкорлар фестивали ва танлови бўлиб ўтди.
Дунёнинг турли мамлакатларидан истеъдодли болалар ва ёш ижодкорларни бир майдонга жамлаб, тасвирий ва амалий санъат, мусиқа, рақс ҳамда бошқа ижодий йўналишларда ўз маҳоратини намойиш этиш, маданий алмашинувни ривожлантириш ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган фестивалда мамлакатимиз рассомлари ҳам иштирок этди.

Жумладан, танлов якунларига кўра, Сафия Олимжонова ҳамда Зиёда Пўлатова 1-ўринни, Солиҳа Пўлатова 2-ўринни, Азиза Пўлатова эса 3-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, Эъзоза Исроилова Гран-при соҳибаси бўлди.
Ёш ижодкорларнинг мазкур ютуғи уларнинг юксак истеъдоди, тинимсиз меҳнати ҳамда устозларининг фидокорона саъй-ҳаракатлари самараси бўлиб, Ўзбекистон тасвирий санъат мактабининг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бораётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА