Унивeрситeтда капсула кутубхона очилди
Наманган давлат техника университетида кимё фанлари доктори, профессор, ректор Ойбек Эргашев ташаббуси асосида олийгоҳ ҳудудида “Ёшлар зиё маскани” – капсула кутубхона фойдаланишга топширилди.
Янги капсула кутубхонанинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенатининг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси, профессор Одилжон Маматкаримов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилояти бўлими раҳбари Мусохон Аппақов, Нодирабегим номидаги Наманган вилояти ахборот-кутубхона маркази директори Дилфуза Ҳакимова, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ёш авлодни китобга ошно этиш, маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш ва замонавий кутубхона инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, китоб инсон тафаккурини бойитиш, дунёқарашини кенгайтириш ва илмий изланишларга йўл очишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.


Замонавий талаблар асосида жиҳозланган капсула кутубхона талабаларга бадиий, илмий ва ўқув адабиётларидан фойдаланиш, дарсларга тайёргарлик кўриш ҳамда мустақил ишлаш учун қулай имконият яратади. Зиёхона фондидан беш мингга яқин турли йўналишдаги адабиётлар ўрин олган бўлиб, келгусида бу фондни янги нашрлар ҳисобига янада кенгайтириш режалаштирилган.

Ушбу мўъжаз маърифий маскан Наманган давлат техника университетида амалга оширилаётган китобхонликни қўллаб-қувватлаш ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлиб, талабаларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ошириш ва сифатли таълим муҳити шаклланишига хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.