Ўзбекистонлик талаба Ойда ўсимлик етиштиришга оид илмий иши билан АҚШда эътироф этилди
“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати ва Боулдердаги Колорадо университети талабаси Диёра Даминова космик технологиялар ҳамда барқарор ривожланиш туташувидаги лойиҳаларни тақдим этиб, халқаро илмий ҳамжамиятда ўз ўрнини топмоқда.
Хусусан, у “Engineering excellence fund expo” кўргазмасида ўзининг битирув лойиҳаси – автоматлаштирилган Ой иссиқхонасини тақдим этди. Мазкур ишланма Ой реголитидан радиациядан ҳимоя воситаси ва ўсимликлар ўстириш учун муҳит сифатида фойдаланиш мумкинлигини исботловчи концепция (“proof of concept”) ҳисобланади.
Лойиҳа тез ўсувчи ўсимликларни, хусусан, “Brassica rapa Wisconsin” навини қалинлиги уч метргача бўлган реголит қатлами остида тўлиқ автоном тизимда етиштиришни кўзда тутади.
2025 йил ноябрь ойида ушбу ташаббус молиявий қўллаб-қувватланди: “Engineering excellence fund expo” жамғармаси ғояни ривожлантириш учун 2 минг доллар ажратди. Бу эса жамоага концепциядан амалий татбиққа ўтиш ва дастлабки натижаларни халқаро майдонда тақдим этиш имконини берди.

Илмий фаолият шу билан тўхтаб қолмади. Март ойи охирида Д. Даминова аэрокосмик муҳандислик соҳасидаги талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун муҳим тадбирлардан бири бўлган Айова университетида ўтказилган Америка аэронавтика ва астронавтика институтининг йиллик анжуманида маъруза қилди.
Айнан шу анжуманда жамоа Ойда экстремал шароитларда ўсимлик етиштириш истиқболларига бағишланган илмий ишини намойиш этди.
Тадқиқот доирасида -80°C гача бўлган ҳароратда ишлашга қодир автоматлаштирилган иссиқхона прототипи ишлаб чиқилди, йиғилди ва синовдан ўтказилди. Тизим 15 кун давомида датчиклар ва актуаторлар ёрдамида, инсон аралашувисиз CО₂ ва О₂ мувозанатини мустақил равишда сақлаб турди – бу келажакдаги узоқ муддатли космик миссиялар учун асосий шартдир.
Лойиҳа илмий ҳамжамият томонидан юқори баҳоланиб, соҳавий нашрда чоп этиш учун тавсия қилинди. Бу эса унинг институционал эътироф этилишидаги навбатдаги қадам бўлади.
Диёранинг фаолияти илғор технологияларни ўзлаштираётган ҳамда космосни забт этишдан тортиб, экстремал шароитларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашгача бўлган келажак кун тартибини шакллантираётган ёш ўзбек олимларининг янги авлодини акс эттиради.
Давлат томонидан иқтидорли ёшларнинг тизимли қўллаб-қувватланиши мамлакатимизга бугун туғилган ғоялар эртанги дунё қиёфасини белгилайдиган глобал илмий мулоқотнинг бир қисмига айланиш имконини бермоқда.
Бундан ташқари, Диёра Даминова нуфузли “Buffs one read” ҳикоячилик (сторителлинг) танловида ғолиб чиқди. Унинг “Овозлар” номли эссеси кўплаб ишлар орасида энг яхшиси, деб топилиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан нафақат адабий маҳорати, балки чуқур шахсий ва маданий таҳлили учун ҳам эътироф этилди.
Диёра ўз асарида ўзликни англаш мавзусига мурожаат қилиб, энг мураккаб СТЕМ йўналишларидан биридаги шахсий йўлини очиб берган. Ғолиб 500 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.
Диёранинг таъкидлашича, ҳар бир кишининг ютуғи “тарихдаги энг буюк ютуқ” бўлмаса ҳам, агар у самимий ниятлар билан қилинган бўлса, доимо аҳамиятли бўлади.
Н.Абдураимова, ЎзА