Ўзбекистондан хорижга доимий яшаш учун қанча одам кўчиб кетган?
Хорижга доимий яшаш мақсадида кўчиб кетиш Ўзбекистон аҳолиси миграциясидаги муҳим жараёнлардан бири ҳисобланади.
Миллий статистика қўмитасининг навбатдаги маълумотлари 2026 йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатдан қайси давлатларга ва қайси ҳудудлардан кўпроқ фуқаролар доимий яшаш учун кўчиб кетганини кўрсатди.
Жорий йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга доимий яшаш мақсадида 5 минг 422 нафар фуқаро кўчиб кетган.
Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 129 нафарга ёки 2,3 фоизга камайган.
Хорижга доимий яшаш мақсадида кўчиб кетганларнинг асосий қисми Қозоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келган. Жумладан, кўчиб кетганларнинг 83 фоизи Қозоғистонга, 14,1 фоизи Россия Федерациясига йўл олган.
Шунингдек, кўчиб кетганларнинг 0,8 фоизи Корея Республикасига, 0,6 фоизи Қирғиз Республикасига, қолган 1,5 фоизи эса бошқа давлатларга тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп фуқаро Қорақалпоғистон Республикаси — 1 899 нафар, Тошкент вилояти — 1 431 нафар ва Навоий вилояти — 1 203 нафар ҳисобига тўғри келди.
Шунингдек, Тошкент шаҳридан 492 нафар, Хоразм вилоятидан 79 нафар, Бухоро вилоятидан 59 нафар, Жиззах вилоятидан 50 нафар ва Самарқанд вилоятидан 48 нафар фуқаро хорижга доимий яшаш учун кўчиб кетган.
Энг кам кўрсаткич эса Сурхондарё вилоятида қайд этилган бўлиб, ушбу ҳудуддан 9 нафар фуқаро хорижга доимий яшаш мақсадида кўчиб кетган.
Умуман, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистондан хорижга доимий яшаш учун кўчиб кетганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бироз камайган.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА