Вилоят ҳокими “Мустақиллик дарси”да иштирок этди
Бугун Андижон вилоятидаги олий таълим муассасаларида янги 2026–2027 ўқув йили расман бошланди. Шу муносабат билан Андижон давлат тиббиёт институтида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, вилоятдаги барча олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, ходимлари ҳамда талаба-ёшларини янги ўқув йили бошланиши билан муборакбод этди.
– Мустақиллик туфайли энг аввало, улуғ неъмат – тинчликни қўлга киритдик, қолаверса, мустақиллик бизга миллий, диний қадриятларимизни қайтариб берди, тарихий ҳақиқатни тикланишига, ўзлигимизни англашга имкон яратди, – дейди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Мустақиллик шарофати билан юртимиз ёшларининг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.


Бугун ёшларимиз ана шу имкониятлардан оқилона фойдалана олса, юрт мустақиллигини асраса, тинчликнинг қадрига етса, шубҳасиз, Ватанга муҳаббати, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкам бўлади. Ватанни севадиган, эртанги кунга ишончи мустаҳкам ёшлари бўлган юртнинг эртаси албатта, порлоқ бўлади.
Тантанали маросим давомида иқтидорли ёшлар ва талабалар томонидан тайёрланган Ватан, тинчликни мадҳ этувчи, ёшлик шижоатини тараннум этувчи шеърий чиқишлар ҳамда гўзал куй-қўшиқлардан иборат бадиий дастур намойиш этилди.
Тантанали тадбирдан сўнг вилоят ҳокими институт талабаларига “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида «Мустақиллик дарси»ни ўтди.



Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтган дарс жараёнида вилоят ҳокими юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик жараёнлари ҳақида гапирди. Жумладан, таълим, айниқса, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар, олий таълимни янада ривожлантириш, талабалар учун яратилаётган кенг имкониятлар хусусида алоҳида тўхталди.
Талаба ёшларни пухта билим олишга, яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишга, келажакда юрт равнақига муносиб ҳисса қўшадиган, фидойи инсонлар бўлиб камол топишга чақирди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири