Ўзбекистонда саргузашт туризмини ривожлантириш – янги босқичда
Ўзбекистон ўзининг бетакрор табиати, азим тоғлари, шаффоф дарёлари ва кенг чўллари билан саргузашт ҳамда экстремал туризмни ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга мамлакат. Айнан шу имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида Туризм қўмитаси раиси раҳбарлигида туризмнинг фаол турлари бўйича федерациялар вакиллари, қатор давлат ташкилотлари масъуллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда мамлакатда фаол туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги мавжуд имкониятлар, долзарб муаммолар ҳамда истиқболли таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқотда Ўзбекистон фаол туризмни ривожлантириш учун катта табиий ва географик салоҳиятга эга мамлакат экани, юртимизда тоғлар, дарёлар, кўллар, чўл ҳудудлари ҳамда ноёб табиий ландшафтлар саргузашт ва экстремал туризмни ривожлантириш учун салоҳиятли экани қайд этилди.

Ҳозирда республикада туризмнинг фаол турлари бўйича 10 дан ортиқ федерациялар фаолият юритмоқда. Улар таркибида 20 га яқин турли клублар ташкил этилган бўлиб, мазкур тузилмалар томонидан туроператорлар билан ҳамкорликда тоғ туризми, треккинг, рафтинг, велотуризм, мототуризм, автосаёҳатлар, тоғ чанғиси, параплан ва бошқа йўналишларда туристик турлар ташкил қилинмоқда. Шунингдек, мамлакат бўйлаб ҳар йили 30 дан ортиқ турли спорт ва туристик тадбирлар ўтказилиб, улар маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этишга хизмат қилмоқда.

Очиқ мулоқот давомида соҳани янада ривожлантириш мақсадида бир қатор муҳим ташаббуслар муҳокама қилинди. Жумладан, фаол туризм маршрутларини ишлаб чиқиш ва уларнинг ягона реестрини шакллантириш, маршрутларни мураккаблик даражаси, мавсумийлиги ва хавфсизлик талаблари асосида таснифлаш ҳамда эксперт баҳолаш тизимини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, туристлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўриқчи-йўлбошловчиларнинг миллий реестрини юритиш ва мунтазам янгилаб бориш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу эса сайёҳларга малакали мутахассислар хизматидан фойдаланиш имконини яратиб, хизматлар сифатини янада оширади.

Муҳокамаларда муҳофаза этиладиган ва чегараолди ҳудудларга туристларни киритиш тартибларини соддалаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу каби чоралар мамлакатнинг ноёб табиий ҳудудларидан туризм мақсадларида самарали фойдаланиш ҳамда янги туристик маҳсулотларни шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, фаол туризм инфратузилмасининг миллий стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш зарурлиги қайд этилди. Хусусан, кемпинглар, санитария-гигиена шохобчалари, шошилинч алоқа воситалари, хавфсизлик элементлари, яшил маршрутлар ва экологик сўқмоқларни ташкил этиш бўйича ягона талабларни белгилаш режалаштирилмоқда. Бу эса туристлар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш билан бирга табиий ресурсларни муҳофаза қилишга ҳам хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА