«Арда Хива» халқаро туризм аренасида янги бренд
Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми (ПМЭФ) доирасида Ўзбекистоннинг энг йирик туристик лойиҳаларидан бири — «Арда Хива» туристик мажмуасини халқаро бозорларда тарғиб қилишга қаратилган муҳим ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Туристик инфратузилмани бошқариш ва ривожлантириш соҳасидаги етакчи Россия компанияларидан бири — «Cronwell Development» ҳамда Россиянинг йирик онлайн саёҳатлар агрегатори — «Островок» ўртасида имзоланган келишув Ўзбекистон Республикаси Хоразм вилоятида жойлашган кўп тармоқли «Арда Хива» туристик мажмуасини халқаро майдонда илгари суришнинг янги босқичини бошлаб берди.

Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда. Бу ислоҳотлар мамлакат туристик инфратузилмасини модернизация қилиш, бой тарихий-маданий меросни жаҳон туристик маршрутларига интеграция қилиш ҳамда хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган.
Эришилган келишувларга мувофиқ, томонлар «Арда Хива» мажмуасини Россия ва бошқа истиқболли бозорларда тарғиб қилиш, янги туристик маҳсулотлар ишлаб чиқиш, халқаро кўргазма ва форумларда иштирок этиш, шунингдек, ишбилармонлик алоқалари ва шериклик муносабатларини кенгайтириш бўйича ҳамкорлик қилади.

Келишувни «Кронвелл Девелопмент» МЧЖ бош директори Алексей Мусакин ва «Бронирование гостиниц» («Островок») МЧЖ бош директори Дарья Кочеткова имзолади. Шунингдек, томонлар режалаштирилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича амалий “йўл харитаси” вазифасини ўтайдиган қўшма чора-тадбирлар режасини ҳам тасдиқладилар.
Мутахассислар фикрича, мазкур келишув Ўзбекистоннинг туристик экспортини кенгайтириш, Россиядан келувчи сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда қадимий Хиванинг минтақанинг муҳим туристик марказларидан бири сифатидаги халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Экспертлар таъкидлашича, ушбу ҳамкорлик нафақат «Арда Хива» мажмуаси, балки бутун Хоразм вилояти ва Ўзбекистон туризм соҳаси учун янги имкониятлар эшигини очади. Бу эса мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси, замонавий туристик инфратузилмаси ва очиқ инвестиция сиёсати халқаро майдонда янада кенг тарғиб қилинишига хизмат қилади.
ЎзА