Ўзбекистонда рақамли савдо кенгаймоқда
Ўзбекистонда маҳсулот ва хизматларнинг идентификация кодлари (МХИК) тизими иқтисодиётни рақамлаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда бозорда шаффофликни таъминлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда.
Бугунги кунда Маҳсулот (товар ва хизматлар) ягона электрон каталогида жами 433,1 мингдан ортиқ идентификация коди мавжуд. Шундан 432 минг 221 таси маҳсулотлар, 918 таси эса хизматлар учун ажратилган. Бу эса мамлакатдаги товар ва хизматларни ягона тасниф асосида ҳисобга олиш имкониятини яратади.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь–июнь ойлари якунларига кўра, республика бўйича 244,7 мингта корхона томонидан 28,4 миллиондан ортиқ электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) расмийлаштирилган бўлиб, уларда 88 минг 799 та МХИКдан фойдаланилган.
Шунингдек, 182,4 мингта тадбиркорлик субъекти томонидан харидорларга тақдим этилган 774,9 миллиондан зиёд харид чекида 140,1 мингта МХИК қўлланилгани рақамли ҳисоб-китоб тизимлари тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Келтирилган рақамлар мамлакат иқтисодиётида рақамли савдо инфратузилмаси жадал ривожланаётганини намоён этади. Айниқса, ярим йил давомида қарийб 775 миллионта харид чекининг электрон тарзда расмийлаштирилгани истеъмол бозорида нақд ва нақдсиз ҳисоб-китобларнинг рақамли назорати кучайганини англатади.
Маҳсулот ва хизматларнинг идентификация кодлари тизими ҳар бир товар ёки хизматнинг аниқ идентификация қилинишини таъминлаб, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ҳисоботларининг ишончлилигини ошириш ва товар ҳаракатини тўлиқ кузатиш имконини беради. Бу эса инсоний омилни камайтириш, тадбиркорлар учун ҳисоб-китоб жараёнларини соддалаштириш ҳамда давлат органлари томонидан таҳлил ва мониторинг ишларини тезкор амалга оширишга хизмат қилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, электрон ҳисобварақ-фактураларда қўлланилган кодлар сонига нисбатан харид чекларида ишлатилган МХИКлар сони анча юқори. Бу эса чакана савдо соҳасида маҳсулот турларининг хилма-хиллиги кенгайиб, электрон чек тизими амалиётда тобора фаол қўлланилаётганини англатади.
Ш.Маматуропова, ЎзА