Ўзбекистонда рақамли факторинг 46 фоизга етди
Микромолия бозори иштирокчилари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш департаменти томонидан 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар мамлакат молия тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилди.
Йил якунлари бозорда барқарор ўсиш, рақамлашув жараёнларининг жадаллашиши ҳамда назорат механизмларининг такомиллашганини яққол намоён этмоқда.
Марказий банкнинг маълум қилишича, 2025 йилда микромолия бозоридаги энг муҳим йўналишлардан бири — молиявий хизматлар ҳажмини кенгайтириш ва янги инструментларни жорий этиш бўлди.
Факторинг хизматлари бозорида кескин ўсиш қайд этилди. 2024 йил якунида 1,9 триллион сўмни ташкил этган ушбу йўналиш 2025 йил якунига келиб 9,5 триллион сўмга етди. Бу эса бозор ҳажми 5 баробарга ошганини кўрсатади.
Кредит ахборот тизимида муҳим ислоҳот амалга оширилди. КАТМ кредит бюросида кредит тарихини сақлаш тартиби қайта кўриб чиқилиб, маълумотлар кредит тўлиқ якунланганидан эмас, балки охирги тўлов санасидан бошлаб 5 йил сақланиши жорий этилди. Бу ўзгариш натижасида 678 минг нафар потенциал мижознинг кредит рейтинги яхшиланишига эришилди.
Давлат улуши мавжуд тижорат банклари иштирокида 9 та микромолия ташкилоти ҳамда 8 та факторинг ташкилоти Марказий банк реестрида расман рўйхатдан ўтказилди.
2025 йил давомида кредит ташкилотлари томонидан жами 137 триллион сўмлик микромолия хизматлари кўрсатилди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 54,8 триллион сўмга ёки 1,7 баробарга ўсганини англатади.
2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг умумий активлари 12,5 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 1,5 баробар ўсиш қайд этилди.
Шунингдек, факторинг хизматларининг 4,4 триллион сўми ёки 46 фоизи рақамли платформа орқали амалга оширилган операциялар ҳиссасига тўғри келди. Бу соҳада рақамлашув жараёнларининг жадал ривожланаётганини кўрсатади.
Назорат тизимининг кучайтирилиши бозорда шаффофликни ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлди.
2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, нaсия савдо (BNPL) хизматлари ҳажми 10,1 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 баробар ўсиш қайд этилди. 2025 йил давомида 12 та микромолия ташкилоти ҳамда 1 та ломбард фаолиятида текширувлар ўтказилди. Натижада қонунбузарлик ҳолатлари бўйича жами 638 миллион сўм миқдорида жарималар қўлланилди.
Шу билан бирга, 1 та микромолия ташкилотининг актив операциялари 3 ой муддатга чеклаб қўйилди, бу назорат тизимининг қатъий ва самарали ишлаётганини англатади.
2025 йил микромолия бозори учун барқарор ўсиш, молиявий хизматлар турининг кенгайиши ва рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши билан характерланди. Шу билан бирга, назорат тизимининг кучайтирилиши бозордаги шаффофлик ва молиявий барқарорликни таъминлашга хизмат қилди.
Мутасадди идоралар томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар келгусида ҳам микромолия бозорининг янада барқарор ва рақобатбардош ривожланишига замин яратади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА