Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони 74,6 миллионтага етди
Бугунги кунда Ўзбекистонда банк хизматларини рақамлаштириш жараёни жадал суръатларда давом этмоқда. Аҳоли томонидан банк карталаридан фойдаланиш кўламининг кенгайиши, нақдсиз ҳисоб-китоблар ҳажмининг ортиши ҳамда тўлов инфратузилмасининг ривожланиши мамлакат молия тизимидаги муҳим тенденциялардан бирига айланди.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига республикада муомаладаги банк карталари сони 74,6 миллионтани ташкил этди. Бу йил бошига нисбатан 6,3 миллионтага кўп. Демак, ҳар ой ўртача 1 миллиондан ортиқ янги банк картаси муомалага чиқарилмоқда. Ушбу кўрсаткич аҳолининг замонавий банк хизматларига бўлган эҳтиёжи ва ишончи ортиб бораётганини кўрсатади.
Рақамли иқтисодиёт шароитида банк карталари нафақат иш ҳақи ёки пенсия олиш воситаси, балки кундалик тўловлар, онлайн савдо, давлат хизматлари, пул ўтказмалари ва турли молиявий операцияларни амалга оширишнинг энг қулай воситасига айланиб бормоқда.
Тўлов инфратузилмасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида банкомат ва инфокиосклар сони 6,6 мингтага кўпайиб, 46,7 мингтага етди. POS-терминаллар сони эса 17,3 мингтага ошиб, 448,1 мингтани ташкил қилди. Бу эса савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида нақдсиз тўловларни амалга ошириш имкониятлари янада кенгайганини англатади.
Статистик маълумотларга кўра, 2026 йил январь–июнь ойларида POS-терминаллар орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми 322,5 триллион сўмдан ошган. Бу мамлакатда нақдсиз ҳисоб-китоблар улуши йил сайин ортиб бораётганини тасдиқлайди.
Муомаладаги банк карталари сони бўйича Халқ банки 12 миллионта карта билан етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Uzum Bank (7 миллионта), Агробанк (6,8 миллионта), Ипотека-банк (5,6 миллионта) ва Hamkorbank (5 миллионта) жойлашган.
Банкомат ва инфокиосклар тармоғи бўйича ҳам Халқ банки етакчи ҳисобланади. Унинг республика бўйлаб 3 минг 132 та банкомат ва инфокиоски фаолият юритмоқда. Кейинги ўринларни Агробанк (1 823 та), Капиталбанк (1 669 та), Invest Finance Bank (1 426 та) ва Ипотека-банк (1 109 та) эгаллаган.
Умуман олганда, ярим йиллик кўрсаткичлар мамлакатда рақамли банк хизматлари жадал ривожланаётганини, банклар ўртасида рақобат кучайиб, хизматлар сифати ва қулайлиги ортиб бораётганини намоён этмоқда. Бу эса аҳоли учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш, нақдсиз иқтисодиёт улушини ошириш ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА