Ўзбекистонда HUMO барқарор токени тўлов воситаси сифатида синовдан ўтказилади
Ўзбекистонда рақамли молия соҳасида янги тажриба бошланмоқда. Мамлакатда HUMO барқарор токенини чиқариш ва уни товар ҳамда хизматлар учун тўлов воситаси сифатида қўллаш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилади. Унга кўра, 1 HUMO токенининг қиймати 1 сўмга тенглаштирилади.
Марказий банк ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ўз ваколатлари доирасида HUMO барқарор токенидан тўлов воситаси сифатида фойдаланишни синовдан ўтказишга қаратилган пилот лойиҳани кузатиб боради. Мазкур ташаббус Президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади — инновацион тўлов шаклларини ривожлантириш ва барқарор токенлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш имкониятларини амалиётда синовдан ўтказишдан иборат. Лойиҳа доирасида HUMO барқарор токенини чиқариш, уни муомалага киритиш ва сўндириш механизмлари синовдан ўтказилади. Энг муҳими, 1 HUMO токенининг қиймати 1 сўмга тенглаштирилади. Токенни чиқариш эса Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари билан таъминланган ҳолда амалга оширилиши назарда тутилган.
Яъни, HUMO барқарор токени қиймати муайян активлар билан таъминланган рақамли молиявий восита сифатида синовдан ўтказилади. Лойиҳа доирасида ушбу токендан Ўзбекистон ҳудудида товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўлов воситаси сифатида фойдаланиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан бундай тўловларни қабул қилиш имкониятлари ҳам ўрганилади. Пилот лойиҳанинг ҳуқуқий асосини Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Марказий банкнинг қўшма қарори билан тасдиқланган ҳамда Адлия вазирлигида 2026 йил 15 апрель куни давлат рўйхатидан ўтказилган «Барқарор токенлар муомаласини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режими тўғрисида»ги низом ташкил этади.
Мазкур махсус ҳуқуқий режим, бошқача айтганда, регулятор “қумдони” янги технологик ва молиявий ечимларни назорат қилинадиган муҳитда синовдан ўтказиш имконини беради. Бунда янги молиявий технологияларнинг амалиётда қандай ишлаши, уларнинг самарадорлиги, имкониятлари ва эҳтимолий хатарлари ҳар томонлама баҳоланади.
«HUMO Digital» МЧЖ Марказий банк билан келишилган ҳолда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Лойиҳанинг ҳамкори сифатида крипто-депозитарий, крипто-биржа ва крипто-дўкон фаолиятини ташкил этиш учун тегишли лицензияларга эга бўлган «Asterium» АЖ ҳам иштирок этмоқда. Банк, процессинг ва блокчейн тизимлари интеграция қилинади. Пилот лойиҳанинг муҳим йўналишларидан бири — банк, процессинг ва блокчейн инфратузилмаларини ўзаро интеграция қилиш ҳисобланади.
Яъни, HUMO барқарор токени орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун лойиҳа иштирокчиларининг мавжуд молиявий ва технологик тизимлари ўзаро боғланади. Бу жараёнда токенни чиқариш, муомалага киритиш, ундан тўловларда фойдаланиш ва уни сўндириш механизмларининг амалий самарадорлиги баҳоланади.
Пилот лойиҳани амалга ошириш жараёнида нафақат янги технологиянинг имкониятлари, балки у билан боғлиқ эҳтимолий хатарлар ҳам чуқур ўрганилади.
Хусусан, токен таъминотининг етарлилиги ва сақланиши, операцияларнинг шаффофлиги, молиявий ва операцион хатарларни бошқариш, ахборот ва киберхавфсизлик масалалари доимий назоратда бўлади. Шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилади.
Марказий банк эса лойиҳани пул-кредит сиёсати мақсадлари ва инструментларига мувофиқлиги, шунингдек, мамлакатдаги молиявий ва нархлар барқарорлигига эҳтимолий таҳдидлар нуқтаи назаридан баҳолаб, мониторинг қилиб боради.
Лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки муддати 12 ой этиб белгиланган. Зарур ҳолларда у белгиланган тартибда узайтирилиши мумкин. Бироқ, пилот лойиҳанинг умумий амал қилиш муддати уч йилдан ошмаслиги лозим. Лойиҳа якунлари бўйича давлат қимматли қоғозлари билан таъминланган барқарор токен моделининг амалиётда қўлланилиш имкониятлари баҳоланади, эҳтимолий хатарлар аниқланади ҳамда Ўзбекистонда рақамли молиявий воситаларни тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА