Ўзбекистонда февраль ойида инфляция 0,6 фоизни ташкил этди
2026 йил февраль ойида Ўзбекистонда инфляция даражаси 0,6 фоизни ташкил этди. Йиллик ифодада эса нархлар ўсиши 7,3 фоизгача тезлашган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари бир ойда ўртача 0,9 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,2 фоиз, хизматлар нархи эса 0,6 фоизга ошган. Йиллик ҳисобда озиқ-овқат маҳсулотлари 5,9 фоиз, ноозиқ-овқат товарлари 5,2 фоиз, хизматлар эса 13,3 фоизга қимматлашган.
Февраль ойида қўй гўшти 2,6 фоиз, мол гўшти 1,6 фоиз, парранда гўшти 1,4–1,8 фоиз, тухум 0,7 фоиз, хом сут 0,4 фоизга қимматлашди. Шунингдек, помидор 12,1 фоиз, қовоқ 11,7 фоиз, картошка 5 фоиз ва олма 4,1 фоизга ошди.
Айни пайтда бодринг 13,8 фоиз, мандарин 5,6 фоиз, апельсин 5,4 фоизга арзонлашди.
Коммунал хизматлар тарифлари асосан барқарор сақланди, аммо маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизмати ўртача 4,7 фоизга қимматлашди. Уй-жой ижараси 0,5 фоиз, уй-жойни таъмирлаш хизматлари эса 0,4 фоизга ошган.
Транспорт соҳасида бензин нархи ўртача 0,5 фоизга арзонлашди. Шу билан бирга, узоқ масофага қатновчи поездлар тарифлари 14 фоизга, авиапарвозлар эса 4,4 фоизга ошди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ойлик инфляция Навоий ва Қашқадарё вилоятларида (0,9 фоиз) қайд этилди. Йиллик инфляция эса Фарғона вилоятида 7,8 фоиз ва Қорақалпоғистонда 7,6 фоизни ташкил этган.
2026 йилдан бошлаб мамлакатда инфляция ҳисоблаш тартиби янгиланди. Истеъмол савати таркиби кенгайтирилиб, истеъмол нархлари индекси формуласи ҳамда статистик маълумотларни йиғиш усуллари такомиллаштирилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА